Газотрон — анод ва катод электродларидан иборат бўлган энг оддий ион асбоб. Ичига аргон ёки симоб буғлари тўддирилган шиша баллон. Агар Г. электродларига етарли қийматдаги анод кучланиши берилса, термоион эмиссия натижасида катод сиртидан электронлар ажралиб, электр майдон таъсирида мусбат зарядланган анод томон ҳаракатланади. Бунда электронлар газ атомлари билан тўқнашиб, уларни электрон ва мусбат ионларга ажратади. Натижада ионлашган газнинг турли рангдаги плазма ҳолати юзага келиб, унинг электр ўтказувчанлиги кескин кўтарилади ва электр разряди (ток ўтиши) содир бўлади. Шу сабабли, ишлаш тамойили электр разряди ҳодисасига асосланган Г.лар электрон асбобларга нисбатан катта ток, юқори ф.и.к.га ва катта кучайтириш коэффициентига эга бўлади. Г.дан асосан ўзгарувчан токни ўзгармас токка айлантирадиган тўғрилагич сифатида фойдаланилади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил