Гдиня

Гдиня — Полша шим.даги шаҳар. Гданск воеводалигида; Болтиқ денгизи бўйидаги порт. Сопот ва Гданск шаҳарлари билан Труймясто ш. агломерациясини ташкил қилади. Аҳолиси 252 минг киши (1990-йиллар ўртаси). 1924-36 йилларда халқаро аҳамиятга эга бўлган йирик порт қурилиши муносабати билан шаҳар тез ўсди. Йиллик юк ортиб-тушириш 10 млн. т. Г. орқали четга кўмир чиқарилади; четдан рудалар, нефт маҳсулотлари келтирилади. Саноат тармоқларидан машинасозлик, асосан кемасозлик ва озиқ-овқат саноати (балиқ, ёғ, гўшт ва б.) ривожланган. Балиқ овлаш базаси. Олий денгиз ва ҳарбий денгиз ўқув юртлари, денгиздан балиқ овлаш илмий тадқиқот институти, океанография, ҳарбий денгиз музейлари ва денгиз аквариуми бор.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил