Гелиофизика (гелио... ва физика), қуёш физикаси — астрофизика бўлимларидан бири. Қуёш физикаси муаммоларини ўрганиш билан шуғулланади. Фотометрик, спектрофотометрик ва радиоастрономик усулларни қўллаш йўли билан Қуёш атмосферасининг температураси, зичлигини, модда ҳаракати ва магнит майдонларнинг тақсимланиши ва ўзгаришини ўрганади, турли хил текшириш натижаларига асосланиб, Қуёш атмосфераси ва ички тузилиш моделларини ишлаб чиқади. Г. Қуёш атмосферасида кузатиладиган ҳар хил тузилмалар (доғлар, машъаллар, протуберанслар, тож тузилмалари)нинг физик табиати ва ривожланишини, уларда рўй берадиган тез ўзгарувчи жараёнлар табиатини текширади, Қуёш юзида кузатиладиган жараёнларни (мас, 5™ ли тебраниш) ўлчашга асосланиб, Куёшнинг ички тузилишини ўрганади (гелио-сейсмология), моделни текширади ва тўғрилайди. Г.га доир кузатув ва илмий тадқиқот ишлари расадхоналарда олиб борилади, унга космонавтика ҳам "кўмаклашади". Масалан, 1973-йил "Скайлеб" космик ст-ясига (АҚСҲ) ўрнатилган рентген телескоп ёрдамида Қуёшнинг рентген нурланиши ўрганилди, космик аппаратлар Қуёшнинг ултрабинафша нурлари табиатини ўрганишга ёрдам беради. Ўзбекистонда Г.га доир илмий тадқиқот ишлари Ўзбекистон ФА Астрономия институтида, ЎзМУ Астрономия кафедрасида, Тош ДПУда олиб борилади (яна қ. Ҳуёш).

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  • Нуритдинов С. Н ., Сомон йўли физикаси, Т., 1989.