Гелиотехника (гелио... ва техника) — техниканинг қуёш нурларини амалда фойдаланиш учун қулай бўлган бошқа тур энергияга айлантириш билан шуғулланадиган соҳаси; қуёш энергиясидан техник максадларда фойдаланиш усуллари ҳақидаги фан. Ер сиртига етиб келадиган қуёш нурлари жуда катта иссиқпик манбаи ҳисобланади. Ана шу манбадан самарали фойдаланиш усулларини топиш, турли қурилмалар, энергия манбаларини яратиш Г.нинг асосий вазифаси. Қуёш йилига 1800 дан 3000 соатгача нур сочиб турадиган жойларда гелиоқурилмалар ва гелио-энергетика ст-яларидан фойдаланиш натижасида кўп миқдорда ёқилғи ва энергия тежалади. Лекин бундай қурилма ва стансияларни бутун йил мобайнида бирдай ишлатиб бўлмаслиги улардан фойдаланишни қийинлаштиради. Шунга қарамай, дунёнинг кўпгина мамлакатларида, шу жумладан Ўзбекистонда Г.га оид тадқиқртлар олиб борилмоқда. Мас, Ўзбекистон ФА Энергетика ва автоматика институтида, Ўзбекистон ФА "Физика-Қуёш" ИИCҲБнинг Физика-техника ва Материалшунослик институтларида Г.га оид ишлар бажарилади. "Физика-Қуёш" ИИCҲБга қарашли Физика-техника ва Материалшунослик институтларида, Ўзбекистон ФА Энергетика ва автоматика институти ва Ўзбекистон Республикасининг бир қанча олий ўқув юртларида Қуёш энергиясидан фойдаланиб биноларни иссиқ сув билан таъминлаш, қуёш ошхонаси яратиш, уйларни иситиш, кам қувватли истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлаш, Тошкент вилоятининг Паркент туманида иссиқлик қуввати 1 МВт бўлган катта қуёш сан дон и ёрдамида юқори температура шароитида илмий тадқиқот ишлари амалга оширилади. Республикада фундаментал фанлар тараққиётига алоҳида эътибор берилмокда. Материалшунослик илмий тадқиқот институти юқори зичликка ва ҳар хил спектрга эга бўлган нурланишларни моддалар билан ўзаро таъсири, қуёш сандонида иссиққа чидамли материалларни синтез қилиш, иссиққа ва ишқаланишга чидамли электр изоляция хоссаларига эга бўлган материаллар физика-кимёвий технологияларини яратиш ва б. бўйича илмий ишлар олиб бормоқда. Қуёш сандони ёрдамида қўшилмалари бўлмаган тоза металлар эритиб олинади. Қуёш энергетикасининг келажаги порлоқ. Қуёш ва водород энергетикаси экологик тоза, қулай, шовқинсиз ва чексиз. Олиб борилаётган илмий изланишлар натижасида қуёш космик электр стансиялари ва қуёш нуридан фойдаланиб ишловчи турли қурилмалар ва автомобиллар ишлаб чиқарилмоқда. Кучма қуёш электр стансияларини кўплаб яратиш ишлари тезлаштирилмоқда, айниқса кўчма қуёш электролизёрларини яратиш ва улардан фойдаланиш экологик тоза водород энергиясини олишга ёрдам беради.

Рабон Авезов.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил