Геллар (лот. гело — қотяпман) — қаттиқ моддаларнинг баъзи хоссаларини намоён қилувчи дисперс системалар билан суюқ ёки газсимон муҳит. Коллоид заррачалар ёки полимерларнинг макромолекулалари орасида молекулалараро кучлар таъсири туфайли ички структуралар ҳосил қилиш натижасида оқувчанлик хоссасини батамом йўқотган система ивиқ ёки, бошқача айтганда. гел деб аталади. Г. шакл сақлаш, мустаҳкамлик, пластиклик ва б. хоссаларга эга. Улардаги бу хоссалар турли табиатли, молекуляраро кучлар орқали ўзаро боғланган, дисперс фаза заррачаларидан ташкил топган структура ҳосил қилувчи турларнинг мавжудлиги сабабли вужудга келади. Гел ҳосил бўлганида системадаги дисперс фаза ва дисперсной муҳит миқдорлари орасидаги нисбат ўзгармай қолади. Баъзи гелларнинг таркибида дисперс фаза жуда оз миқдорда (1—2% гача) бўлади. Таркибида суюклик кўп бўлган ана шундай геллар лиогеллар деб аталади. Улар юқори молекуляр модда эритмаларининг ивишидан ҳосил бўлади. Булар каторига кисел, қатиқ ва б. киради. Қуруқ ҳолатда олинган, таркибида суюқлик оз бўлган юқори полимер моддалар ҳам геллардир. Улар қаторига дурадгорлик елими, крахмал, каучук ва б. киради. Таркибида суюқлик оз бўлган ана шундай қуруқ геллар ксерогеллар деб аталади. Кўпинча, коагуляция ёки "тузланиш" ҳодисалари натижасида ҳам геллар ҳосил бўлади. Улар коагеллар дейилади. Суюқликка солинганда бўкиб ўз ҳажмини оширадиган ксерогеллар эластик геллар, бу-килмайдиганлари эса мўрт геллар деб аталади. Желатин, каучук эластик геллар, силикат кислота, темир (ИИИ)-гидроксид, аммоний гидроксид геллар мўрт геллардир. Структура ҳосил қилган система (гел)нинг структура ҳосил қилмаган система (зол)га изотермик айланиши тиксотропия деб аталади. Тиксотропия ҳодисаси катта амалий аҳамиятга эга. Мас, ерни бурғилашда бурғи лой, кварс ва б. тог жинслари қаватидан ўтади. Сув қуйиб пармаланса, тоғ жинслари қуюқ массага айланиб бурғилашни қийинлаштиради. Агар сув ўрнига тиксотроп лой эритмаси (мас, бентонит суспензияси) ишла-тилса, у тог жинси билан аралашиб, тиксотроп система ҳосил қилади ва бурғилаш осонлашади. Тиксотроп геллар вақт ўтиши билан ҳажмини кучайтириб, дисперсион муҳитни сиқиб чиқара бошлайди. Гелнинг ўз-ўзича икки қаватга (суюқ эритма ва зич гелга) ажралиш жараёни — синерезис саноат моллари ва озиқ-овқат и. ч. технологиясида кўп учрайди. Г. ҳосил бўлиши тоғ-кон ишида, полимер материаллар, катализаторлар ва сорбентлар и. ч.да, фармацевтика, атир-упа ва озиқовқат саноатида муҳим аҳамиятга эга.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил