Gemofiliya
Гемофилия (қадимги юнонча: αἷμα [гемо] — қон ва қадимги юнонча: φιλία [пҳилиа] — мойиллик), тўхтамасдан қон оқиши — қон оқишига мойиллик билан ифодаланадиган ирсий касаллик. Қон плазмасида қоннинг ивиши учун зарур бўлган омиллар етишмаслиги сабаб бўлади. Гемофилия асосан эркакларда учраса ҳам онадан ўтади, яъни бувадан набирага соғлом қизи орқали ўтади. Гемофилия белгилари ёшликданоқ пайдо бўлиб, бола улғайган сари камайиб боради. Бемор лат еганида териси остига, мускули орасига ва бўғимига кўп қон қуйилади; тилини тишлаб олганида, тишини олдирганида ва б. ҳолларда ҳам жуда кўп қон оқиб, ҳаёти хавф остида қолади. Йирик бўғимлар (тизза, болдирпанжа бўғими)га қон қуйилиб, уларда кучли ўзгаришлар содир бўлади. Қон ивишининг бузилиши Гемофилияни бошқа хил қон оқишлардан ажратиб турадиган асосий белгидир: беморнинг венасидан қон олиб пробиркага солиб қўйилса, соатлаб ивимайди. Бунга бемор қонида оқсил модда, яъни антигемофил глобулин етишмаслиги сабаб бўлади. Гемофилиянинг А, В ёки Кристмас касаллиги ва С (ҳақиқий Гемофилия деб ҳисобланмайди) хиллари бор. Бемор ўзини ҳар хил шикастлардан эҳтиёт қилиши керак. Давоси: янги олинган қон ёки плазма қуйилади; беморга тўғридантўғри донордан қон қуйиш, соғлом одам плазмасидан тайёрланган консентратларни қўллаш яхши наф беради. Зарур ҳолларда жарроҳлик усули қўлланади.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |