Gemorragik diatez
Геморрагик диатез (юнонча: ҳаи-моррҳагикос — қон кетишига мойил, диатҳесис — мойиллик ) — қон кетишига мойиллик билан давом этадиган турли ҳолатлар (тери, бўғимларга қон қуйилиши; бурун, милк қонаши, бачадон, буйракдан қон кетиши, пичоқ кесганда, тиш олдирганда кўп қон кетиши). Арзимаган сабаб (масалан: кичик жароҳат ёки лат ейиш) билан тўсатдан қон оқиши ёки тўқимага қуйилиши мумкин. Геморрагик диатезда анчагина тўқималарга бир талай қон қуйилади, қон кетиши эса узоқ давом этиб, ҳадеганда тўхтатиб бўлмайди. Тўқималарга қон қуйилганда, масалан тери ва шиллиқ қаватларда майдамайда нуқталар пайдо бўлади ёки улар "қонталашиб" қолади. Қон ивиш жараёни ҳамда томир девори ўтказувчанлигининг бузилиши натижасида рўй беради. Геморрагик диатез ирсий (қаранг Гемофилия) ёки ҳаётда орттирилган бўлиши мумкин. Ирсий Геморрагик диатез яқин қариндошлар никоҳидан туғилган болаларда кўпроқучрайди. Ҳаётда орттирилган Геморрагик диатез қон тизими касалликларининг асорати бўлиши ва турли ёшдаги кишиларда учраши мумкин. Кўп қонаш ҳолати қоннинг ивиш хусусиятини пасайтирадиган дорилар қабул қилинганда, шунингдек организмда витаминлар (хусусан, аскорбин кислота ва рутин) етишмаганда, овқат таркибида янги сабзавот ва мевалар бўлмаган ҳолларда ҳам кузатилади. Касаллик сабабини фақат врач аниқлаб, даво тайинлайди. Геморрагик диатез витамин етишмаслиги окибатида юзага келган бўлса, аскорбин кислота ва рутинга бой овқатлар (янги олма, қора смородина, наъматак, ситруслар ва бошқалар) ейиш тавсия этилади. Касалликнинг олдини олиш учун тиббиёт-генетика маслаҳатхонаси мутахассисларига учрашиш; ҳаётда орттирилган хилида юзага келтирган омилларни бартараф этиш лозим.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |