Генлар банки — донор организмдан ажратиб олинган, мақсадга мувофиқ генетик ахборотга эга ДНК ёки унинг қисмлари мажмуи. Г. б.ни ҳосил қилиш учун ДНК рестриктаза ферменти таъсирида парчаланади, кейин вужудга келган барча қисмларни аралашмада вектор молекула (хўжайин ҳужайрада мустақил қайта тиклана олиш хусусиятига эга ДНК молекуласи)га лигаза ферменти ёрдамида қўшилади. Натижада организм барча генларини ўзида сақловчи дурагай плазмидалар (ёки бактериофаглар) аралашмаси ҳосил бўлади. Агар бундай дурагай плазмидалар ёки бактериофагларни бактериал ҳужайра ёки фаг бўлаклари ичига киритилса, алоҳида клонлар (буларнинг ҳар бирида организмнинг қайсидир гени билан бирга рекомбинат ДНК бўлади) коллексияси вужудга келади. Бу клонлар (умумий бошланғич авлоднинг жинссиз кўпайишидан вужудга келган ҳужайра ёки индивидлар мажмуи) ҳаммаси биргаликда организм барча геномини ташкил этади. Бактериал ёки фаглар клонининг бундай коллексиясини чексиз кўпайтириш ҳамда бошқа ташкилотларга бериш ва ундан ҳар доим зарур генларни излаб топиш учун бошланғич материал сифатида фойдаланиш мумкин.

Германияда Макс Планк институти ходимлари Г. б.дан фойдаланган ҳолда помидор ва картошка ҳужайрасини бириктириб, илдизида картошка, поясида помидор меваси етиладиган янги дурагай яратдилар.

Ўзбекистон ФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтида Х-фаги асосида ғўзанинг мукаммал Г. б. яратилди. Ундан клонларни саралаш (скрининг) билан ғўзанинг фойдали хусусиятларини намоён қилувчи генларини ажратиб олиш ва келажакда мақсадга мувофиқ генлар мажмусига эга бўлган ғўза навларини яратишда фойдаланиш мумкин.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  • Биотехнология (под. ред. А. А. Баева), М., 1984;Уоцон Д., Туз Дж., Курс Дж., Рекомбинатниэ ДНК: [Пер. с. англ.), М., 1986.

Абдусаттор Абдукаримов, Сотиболди Жатаев.