Геодезик асбоблар - геодезик қидирув ва тадқиқот ишларида ҳамда қурилишда қўлланадиган ўлчов воситалари, қуроллари мажмуи; астрономия-геодезия тармоқларини, нивелир тўрларини ясашда, планларни суратга тушириш (съёмка)да, муҳандислик иншоотлари, радиотелескопларнинг антенна қурилмалари ва б.ни қуриш, тиклаш ва улардан фойдаланишда масофаларни, бурчакларни, паст-баландликларни ўлчаш учун ишлатиладиган механик, оптик-механик, электр-оптик ва радиоэлектрон қурилмалар ва ҳоказо.

Масофалар (чизиқларнинг узунликлари)ни ўлчашда пўлат ўлчаш ленталари (20–50 м), инвар ленталар, осма инвар симлар (24 м), оптик кузатиш трубали масофа ўлчагичлар, радиомасофа ўлчагичлар, электр-оптик масофа ўлчагичлар ва б.дан фойдаланилади. Йўналишларни аниқлаш ва бурчакларни ўлчашда астролябия, буссол, теодолит ва б. ишлатилади. Паст-баландликларни ўлчашда асосан оптик-механик нивелирлар, нивелирлаш рейкаларидан фойдаланилади. График суратга олишда асосан мензул суратга олиш усули қўлланади. Бунда асосий курол кипрегел ва мензула ҳисобланади.

Ўзбекистонда қадимдан астрономия ва меъморликда устурлаб (астролябия) дан кенг фойдаланишган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил