Географик зоналлик — Ер географик (ландшафт) қобиғининг дифференсиация қонунияти. Г. з. турли ландшафт типларининг қутбдан экваторга томон алмашиниб, турли географик минтақалар, географик зоналар ва зоначалар ҳосил бўлишида ўз аксини топган (қаранг Табиий географик зоналар). Улар биринчи навбатда географик кенгликка боғлиқ равишда Ер юзасига тушаётган қуёшнинг нурли энергияси миқдорининг ўзгаришига боғлиқ. Г. з. иқлимий, гидрологик, геокимёвий ва геоморфологик жараёнларга, тупроқ ва ўсимлик қопламига ва ҳайвонот дунёсига, қисман чўкинди жинслар ҳосил бўлиши каби кўпчилик компонентлар ва табиий-ҳудудий мажмуаларга хос. Экватордан қутбларга тушаётган қуёш нурлари бурчагининг камайиши кенглик радиацион минтақаларни — иссиқ минтақа, 2 мўътадил ва 2 совуқ минтақани вужудга келтиради. Ҳар бир географик минтақа ва секторга зоналар тўплами ва уларнинг изчиллиги хос. Г. з.нинг йирик табиий мажмуалари асосий дифференсиацияси қонуният сифатида дастлаб 1898-йил В. В. Докучаев томонидан аниқланди.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил