Геомеханика (гео... ермеханикаси) (тоғ жинслари механикаси) — табиий ва технологик омиллар таъсиридан тоғ жинсларининг физик-механик хоссалари, зўриқиш ҳолати, деформацияланиши ва емирилишини ўрганадиган фан. Таъсир этувчи омилларнинг асосийлари термик (Ернинг совиши ва исиши) ва механик (гравитация, Ернинг айланиши натижасида ҳосил бўладиган марказдан қочувчи кучлар, коинот жинсларининг тортилиши) жараёнлар ҳисобланади. Г.нинг асосий вазифаси Ер пўсти айрим участкаларининг зўриққан деформацион ҳолати (қаттиқ, суюқ ва газ ҳолатидаги фазалари)нинг ўзгаришини тушунтириш ва келажакда бўладиган ўзгаришларни башорат қилишдан иборат. Г. тоғ жинслари механик хусусиятларининг пайдо бўлиш обектив қонуниятларини ва Ернинг маълум қисмларининг силжиши, мустаҳкамланиши ва емирилиши сабабларини ўрганади. Г. 19- ва 20-асрлар бўсағасида геофизиканинт бир бўлими сифатида геология ва механика фанларининг туташган соҳасида вужудга келган. Муҳандислик геологияси, яхлит муҳит механикаси, гидро ва газ-механика, термодинамика билан ҳам алоқадор. Бу фанларнинг методлари Г. тадқиқотларида кенг ишлатилади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил