Георгий Николаевич Леонидзе [1899.15(27). 12, Патордзеули қишлоғи — 1966-йил, 8-сентябр, Тбилиси] — Грузия халқ шоири (1959). Грузия Фанлар Академияси академик (1944). Грузия Фанлар Академияси Шота Руставели номидаги Грузин адабиёти институти директори (1957-йилдан). "Ниноцминд кечаси", "Қипчоқ билан учрашув", "Сесарка", "Калила ва Дамана" каби лирик асарлар яратган (1924—25). Кишиларнинг машаққатли меҳнати, нозик дил кечинмалари Л. ижодида бош мавзу бўлган. 30-йилларда ёзган шеърлари, асосан, замондошларининг ҳаёти, инсоний гўзаллик, халқлар дўстлиги ҳақида. 2-жаҳон уруши йилларида яратган асарлари грузин жангчиларининг қаҳрамонликларига бағишланган. "Самгори" (1950), "Портохала" (1951) каби достонларида халқ тарихи акс этган, буларда нозик лиризм кўзга ташланади. "Сехрли дарахт" (1962) хотиралар китоби эса Кахетиянинг ўзига хос манзараларининг жонли тасвиридир. Л.нинг "Оқ чўққилар" асари ўзбек тилида нашр этилган (1973)[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил