Geosinklinal
Геосинклинал (гео... ва синклинал), геосинклинал минтақа — Ер пўстининг узун (ўн, юзлаб км), нисбатан тор ва чуқур чўкмаси. Денгиз ҳавзалари тубида вужудга келади ва одатда, ер ёриқпари билан чегараланган(ёпилган), чўкинди ва вулқон жинсларининг қалин қатлами билан тўлган бўлар экан. Узоқ давом этган шиддатли тектоник деформациялар натижасида геосинклинал мураккаб бурмали структура — тоғ тизимларига айланади. Одатда, океандан қитага ўтиш зонасида ёки қитъалар оралиғида жойлашади. Геосинклинал океан туби Ер пўстининг қитъа Ер пўстига айланиши деб тушунилади. Ҳоз. замон геосинклинал аналогига чекка ва ички денгизларнинг (чуқур сув ости новлари билан бирга) ороллар ёйи мисол бўла олади. Шу маънода геосинклинал — геосинклинал минтақа синоними.
Х асрда Абу Райҳон Беруний ўз даври фан ютуқларини умумлаштириб тоғларнинг пайдо бўлиши ва йўқ бўлиб кетиши табиий омиллар асосида юз беришини талқин этувчи назарияни олга сурган эди. Геосинклинал тушунчасини фанга киритишни 1873 йилда америкалик олим Ж. Дана таклиф этган. Унинг фикрича, бурмаланиш жараёни ва чўкинди жинсларнинг кўплаб тўпланиши билан тоғ ҳосил бўлиш жараёни ўртасида генетик бирлик бор. ХХ аср бошларида бу таълимотни европалик олимлардан Э. Ог (франсуз), геосинклинал Штилле ва Э. Краус (немис), Э. Аргон ва П. Арбенслар (швейсариялик) янада ривожлантириб, унинг даврий қонунияти, жойланиши ва тузилиши устида илмий ишлар олиб бордилар. Геосинклинал хийла мураккаб, унинг турли хиллари маълум. Ер пўстининг энг йирик геосинклинал структуралари бирлашиб геосинклинал минтақасини ташкил этади (Ҳ. М. Абдуллаев, Ю. М. Шейнман, В. Е. Хаин). Евросиё материгида тўртга: Ўрта денгиз, Урал-Монголия, Тинч океан ва Атлантика геосинклинал минтақалари бор. Буларга тузилиши бир хил бўлган турли ёшдаги бурмаланган тоғликлар мансуб, улар қад. платформалар билан чегараланган. Геосинклинал минтақалар ўз навбатида геосинклинал обла-стларга бўлинади. Геосинклинал областлар умумий йўналишдаги ҳар хил таркибга, тузилишга эга бўлган бир қанча геосинклиналлардан ва ўрталик массивлардан ташкил топган. геосинклиналларнинг уз. 2000 км гача, эни 50 дан 150 км га етади. Геосинклинал бурмаланиш фазаси билан фарқланади, мас, герсин бурмаланиш фазаси, каледон бурмаланиш фазаси. Геосинклинал дастлаб тез чўкади ва охирги даврида, аксинча, кўтарилади, бурмаланади ва, ниҳоят, тоғликлар ҳосил қилади. Унинг вужудга келиши ва ривожланиши чуқур дарзлар пайдо бўлиши билан боғлиқ. Геосинклинал области раёнларида кучли бурмаланиш, шиддатли вулкан, интрузив пайдо бўлиш жараёнлари ва кучли зилзилалар бўлади. Геосинклиналлар чўкинди жинсларнинг қалинлигига қараб синклинорий ва антикли-норий структуралари га, тузилишига қараб эвгеосинклинал ва миогеосинклиналга бўлинади. Геосинклиналнинг ривожланиши даврий қонуният асосида боради ва бир тектоник сикл давомида бўладиган ва бир-бирига қарама-қарши икки бошланғич ҳамда етук босқичларни ўз ичига олади. Биринчи босқичда геосинклинал тез чўкади, натижада В шаклдаги дарзлар билан чегараланган чуқур денгиз ҳавзалари вужудга келиб, чўкинди жинслар кўп тўпланади. Бунда асосли ва ўта асосли магматик жараёнлар бўлади. Иккинчи босқич кўтарилиш даврида геосинклинал системага айланади, тоғликлар қад кўтаради. Чўкинди жинслар бурмаланади, деярли ўрта таркибли лавалар оқиб чиқади, интрузивлар ҳосил бўлади, метаморфизм (тоғ жинсларининг ўзгариши) кучаяди. Зилзила ўчоқлари доим ҳаракатда бўлади. Геосинклинал чўкиш ва кўтарилиш даврида атрофдаги структуралар ҳам анча ўзгаради. Чўкиш даврида геосинклинал атрофида ҳавзалар вужудга келади, кўтарилиш даврида эса тоғ олди чуқурликлари ҳосил бўлиб, уларда чўкинди, моласс формациялари тўпланади. Геосинклиналнинг даврий ривожланиш қонуниятига асосланиб, палеозой эрасида каледон, герсин, мезокайнозой эрасида алп геосинклинал бурмаланиш сикллари бўлганлиги аниқланган. Қозоғистон ҳудудидаги Талас, Қирғизистон тизма тоғлари каледон бурмаланиш фазасида, Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳудудидаги Олай, Зарафшон, Туркистон, Чатқол, Угом, Писком тоғлари герсин бурмаланиш фазасида пайдо бўлган геосинклиналлар ҳисобланади. геосинклиналда темир, мис, қўрғошин, қалай, волфрам конлари бўлади. Геосинклинал маълум ҳудуднинг геологик ривожланиш тарихини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |