Gepatargiya
Гепатаргия (юн. ҳепар — жигар, аргиа — фаолияцизлик) — жигар етишмовчилиги ёки унинг заҳарланишидан келиб чиқадиган касаллик ҳолати. Г. термини немис врачи Г. Квинке ва Э. Топпе-Зейлер томонидан таклиф этилган (1912). Г. гепатитлар (ўткир ва сурункали), ҳомиладорлар эклампсияси, жигар веналарининг ўткир тромбози, жигар сиррози ёки холестази, шунингдек организмнинг гепатотроп заҳарлар (бензол, заҳарли замбуруғлар) ва баъзи бир дори моддалари билан заҳарланиши оқибатида келиб чиқади. Жигар ҳужайралари некрозга учрайди, руҳий-асабий фаолият издан чиқади. Бемор алаҳсирайди, териси саргайиб кетади, кўз қорачиғи кенгаяди, кўриш қобилияти пасаяди ва эс-ҳуш ўзгаради, бора-бора беморнинг аҳволи оғирлашиб, жигар комаси ривожланиши мумкин. Даво касалликнинг кечиши ва клиник белгиларига қараб олиб борилади. Беморни тинч қўйиш, овқат таркибидан ҳайвон оқсилларини чеклаш, врач кўрсатмаси бўйича доридармонлар бериш лозим. Г.нинг олдини олиш учун жигар касалликлари, хусусан вирусли гепатитдан сақланиш, меъда-ичак йўлларидан қон кетиши ёки инфексия киришига йўл қўймаслик, дориларни, айниқса, наркотик, диуретик ва седатив дориларни суиистеъмол қилмаслик талаб этилади.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |