Герметиклар —полимерлар ёки олигомерлар асосида ҳосил қилинадиган герметизацияловчи таркиблар. Болтли, парчин михли ва б. бирикмаларнинг тирқишлари ва чокларини зич беркитиш мақсадида суркаладиган пастасимон ёпишқоқ моддалар. Г. юқори даражада эластик, мустаҳкам, иссиқ ва совуққа, намга, ионлаштирувчи нурга чидамли, баъзи ҳолларда изоляцион хоссаларга эга бўлиши керак. Г. олишда каучуклар (асосан полисулфид ёки кремниёрганик суюқ каучуклар, бутадиен, уретан, бутадиеннитрил каучуклар, фторкаучуклар, бутилкаучук, полиизобутилен) ва синтетик смолалар, мас, фенолформалдегид, эпоксид смолалар асосий хом ашё ҳисобланади. Авиасозлик, кемасозлик, кимё ва радиоэлектроника саноати, қурилишларда қўлланади. Тиш протезлаш техникаси ва криминалистикада ҳам ишлатилади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил