Гетероген система (юн. ҳетерогенес — ҳар хил жинсли) — физик хоссалари ёки кимёвий таркиблари жиҳатдан ҳар хил қисмлар (турли фазалар)дан тузилган бир жинсли бўлмаган физик-кимёвий система; ўз хоссаларига кўра, ажратувчи сиртлар билан ажралган турли қисмлардан иборат бўлади. Г. с.нинг бир фазаси билан қўшни фаза ўртасидаги юзада системанинг бир ёки бир неча хоссаси (таркиби, зичлиги, кристалл панжара параметрлари, электр ёки магнит майдони ва ҳоказо) бирданига ўзгаради. Сув ва унинг устидаги сув буғи (агрегат ҳолатида фарқ бор), ўзаро аралашмайдиган икки суюқлик — мой ва сув (таркиби фарқ қилади) ва ҳоказо. Г. с.га мисол бўла олади. Кўпинча Г. с. билан гомоген (бир жинсли) система ўртасида кескин чегара йўқ. Механик аралашмалар (суспензиялар, эмулсиялар) билан чин (молекуляр) эритмалар оралиғи коллоид эритмалар билан банд. Коллоид эритмаларда эриган модда зарралари уларга фаза тушунчасини татбиқ этиб бўлмайдиган даражада майда бўлади. "Г. с." ибораси физика ва кимёда, айниқса, кимёвий термодинамикада кенг қўлланади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил