Гиббереллинлар – ўсимликларнинг ўсиш жараёнларини бошқарувчи табиий моддалар (фитогормонлар гуруҳи). Япон олими Е. Куросава 1926-йилда кашф этган. Кимёвий табиатига кўра таркибида 19 ёки 20 та углерод атоми тутган тетрациклик моно-, ди- ва три-карбон кислоталардир. 70 га яқин Г. маълум. Улар ГА, ГА ва ш.к. белгиланади. Г. оз миқсорда юксак ўсимликлар таркибида кўп тарқалган. Г. ни замбуруғлар, кўпгина бактериялар, сувўтлар ҳам синтез қилади. Одатда, ўсимлик тўқималарида унинг 1 кг оғирлигига нисбатан 0,01 дан 1,4 мг гача Г. бўлади. Энг фаол Г.дан бири – гиббереллин кислота бир неча мамлакатларда микробиология саноатида ишлаб чиқарилади. Г. ҳужайраларнинг бўлиниши ва кенгайиши ҳисобига ўсимлик органлари ўсишини тезлаштиради, нуклеин кислоталар ва оқсиллар синтезини фаоллаштиради, гуллашни тезлаштиради, барг ва меваларнинг қаришини секинлаштиради. Уруғлик, туганаклар, пиёзчаларнинг тиним даврини қисқартиради. К-Хда уруғсиз узум навлари ҳосилдорлигини, зиғир ва каноп толаси узунлигини ошириш, уруг, туганак ва илдизпоялар униб чиқишини тезлаштириш мақсадларида қўлланади. Масалан, узумнинг Қора кишмиш навига гулдан тушгандан кейин, ғўралари мошдек бўлганда 50–100 мг/л консентрацияли Г. эритмаси билан ишлов берилганда (узум боши эритмага ботириб олинади ёки токзорларга пуркалади) ҳосилдорлик 25—50% ортади. Одам ва ҳайвонлар учун зарарсиз.

Абдукарим Зикирёэв.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил