Гидразобирикмалар - гидразин молекуласида органик қолдиқлар сақловчи бирикмалар; Г. бир ўрин алмашган, симметрик ва носимметрик, диўрин алмашган, уч- ва тетра урин алмашган бирикмаларга бўлинади. Алифатик (алкилгидразинлар), ароматик (арилгидразинлар) ёки гетероциклик гуруҳпар қолдиклари сифатида бўлиши мумкин. Гидразид хилидаги ўрин алмашган бирикмалар моно-, ацил- ва ди- ўрин алмашган бирикмалардан ташкил топади. Г.га гидразон ва азинлар ҳам киради.

Қуйи алкилгидразинлар гигроскопик, ҳавода тутовчи бирмунча агрессив (тери, каучук ва шишани емиради) хусусиятга эга бўлган ўзига хос ҳидли суюқликлардир. Улар спирт, сув ва эфирда эриганда куп миқдорда иссиқлик ажралиб чиқади. Моно- ва диал-килгидразинлар ўз хоссалари жиҳатидан гидразинга ўхшаш асослардир. Гидразиннинг органик ўрин алмашган бирикмалари кучли қайтарувчилар бўлиб, атмосфера кислороди хона ҳароратида уларни аста-секин оксидлайди. Юзаси кенг бўлган жойда эса улар ўзўзидан алангаланиб кетиши мумкин.

Гидразидлар нитрит кислота билан бирикиб азидлар ҳосил қилади, улардан эса Курсиус реаксиясидан фойдаланган ҳолда аминлар ҳосил қилиш мумкин; бу реаксияларнинг кетма-кетлиги карбон кислоталардан аминлар олишнинг қулай усулидир. Арилгидразинлар бирмунча фаол моддалар бўлиб, қайта гидразинланиш реаксияларига кириша олади. Кислотали муҳитда Фишер реаксияси орқали қайта гурухланиб индол ҳосилаларини ҳосил қилади.

Носимметрик диалкил- ва диарил-гидразинлар саноатда платина ёки никел катализатори иштирокида нитро-заминларни гидрирлаш усулидан фойдаланиб олинади.

Гидразиннинг органик ўрин алмашган бирикмалари доридармонлар, бўёқлар, сунъий оқартирувчилар, полимерланиш ва ғовак ҳосил бўлиш жараёнларини тезлаштирувчи моддалар сифатида қўлланади. Бензол ва толуолсулфокислоталар гидразидлари, 1,3,5-тригидразиносим-триазин, 2,2-азобис-изобутиронитрил, носимметрик диметилгидразинлар муҳим ракета ёқилғиларидан ҳисобланади.

Қудрат Ахмеров.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил