Гидротермал конлар (гидро - сув ва юн. тҳерме —иссиқ, қайноқ) — Ер қаърида ҳаракатланадиган қайноқ сувли эритмаларнинг чўкмасидан ҳосил бўлган фойдали қазилма конларининг йирик гуруҳи. Гидротермал эритмалардаги сув манбаи 4 гуруҳга бўлинади: 1) магматик сув —магма совиётганда ва ундан тоғ жинслари кристалланаётганда ажралиб чиқади; 2) метаморфик сув — Ер пўстининг чуқур зоналарида таркибида сув мавжуд бўлган минералларнинг қайта кристалланишидан ҳосил бўлади; 3) денгиз чўкинди жинслари ғовакларида сақланган ва Ер пўстидаги силжишлар ёки ички температура таъсиридан ҳаракатланадиган сув; 4) ўзидан сув ўтказувчи жинслар орқали Ернинг чуқур қисмларига етиб борадиган метеор сув. Эритмадаги минерал моддаларнинг чўкишидан шаклланган Г.к. совиётган магмадан ажралиши мумкин. Қайноқ сувли эритмалар турли кимёвий элементлар (учувчан компонентлар)га бой. Бу эритмаларнинг дастлабки температураси 700—600° бўлиб, аста-секин совийди ва 50—20° гача пасаяди. Кўпинча Гидротермал конларда энг кўп руда ҳосил бўлиши 400-100° интервалда содир бўлади. Бу эритмалар асосан ёриқлар бўйлаб ҳаракат қилади. Ер юзига чиқиш пайтида улардаги босим ва температура пасайиб, тоғ жинсларининг бўшлиқ ва дарзликларида турли минераллар кристалланади. Эритмалар баъзан ўзида оҳактош, доломит ва б.ни эритиб, қайта кристалланиб, томирсимон ёки қатламсимон Гидротермал конлар ҳосил қилади. Рудага бой қайноқ эритмалар тоғ жинслари билан реаксияга киришиб, уларни ўзгартиради. Гидротермал конларнинг кўпчилиги антиклинал бурмаларнинг гумбаз қисмидан кесиб ўтган ёриқларда жойлашади. Ёриқларнинг қайноқ эритмалар билан тўлиши натижасида уларга мослашган шакли ва ҳажми турлича Гидротермал конлар ҳосил бўлади. Гидротермал конларнинг шакли ва ҳажми улар жойлашган тоғ жинсларининг таркиби, структураси ва ётиш ҳолатига боғлиқ; кўпинча томир, штокверк қатламсимон ва нотўғри шаклда учрайди. Гидротермал конларни сулфид, оксид, соф элементлар, волфрамат, карбонат ва силикатлар ташкил қилади. Гидротермал конларда рудали минераллар нотекис тарқалган, баъзан фақат оғир металлар сулфидидангина иборат. Таркибидаги асосий руданинг кўплигига қараб Гидротермал конларнинг қуйидаги асосий руда хиллари ажратилади: 1) сулфид рудалар —мис, рух, қўрғошин, молибден, висмут, никел, кобалт, сурма, симоб конлари; 2) оксид рудалар — темир, волфрам, тантал, ниобий, қалай, уран конлари учун мансуб; 3) карбонат рудалар, баъзи бир темир ва марганец конларига хос; 4) соф рудалар — олтин ва кумуш; 5) силикатли, нометалл конлар (асбест, слюда), шунингдек баъзи бир нодир металл (бериллий, литий, торий, камёб элементлар) конларини ҳосил қилади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  • Абдуллаев Х. М., Генетическая связ оруденения с гранитоидними интрузиями, 2 изд., М., 1954; Бетеҳтин А. Г., в сб.: Гидротермалниэ раствори, их природа и процесси рудообразования, Основниэ проблеми в учении о магматогенних рудних месторождениях, 2 изд., М., 1955; Ҳамрабаев И. Х., Магматизм и постмагматические процесси в Западном Ўзбекистане, Т., 1958.