Gidrotexnika
Гидротехника (гидро... ва техника) — техниканинг сув ресурслари (дарё, кўл, денгиз, океан, ер ости сувлари ва атмосфера) дан халқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш ва сув келтирадиган зарарларга қарши курашиш ҳамда шу мақсадлар учун ишлатиладиган гидротехника иншоотларини лойиҳалаш ва қуриш масалалари билан шуғулланадиган соҳаси. Г. фан сифатида гидрология, гидрогеология, гидравлика, гидромеханика, тупроқ механикаси, қурилиш механикаси, муҳандислик геологияси ва б.га таянади. Г. сув оқимларининг гидротехника иншоотлари ва ўзанларга таъсирини, сувнинг ўпирувчи, емирувчи таъсирларидан ҳимоялаш усулларини ўрганади; дарёлар оқимини ростлаш усулларини ишлаб чиқади; гидротехника иншоотлари ва асосларининг чидамлилик назариясини ишлаб чиқади ва б. Г. соҳасидаги назарий изланишлар гидротехника иншоотларини лаб.ларда моделларини ясаб, синовдан ўтказиб, уларни ҳисоблаш ва қуриш усулларини яратишга имкон беради. Г. амалиётда сув энергиясидан фойдаланиш (қаранг: Гидроэнергетика), қишлоқ хўжалиги ерларини мелиорациялаш, саноат ва б. объектларни сув билан таъминлаш, аҳоли яшайдиган пунктлар ва корхоналарнинг ҳудудларидан ортиқча, оқова ва ифлосланган сувларни чиқариб юбориш (қаранг Канализация), аҳоли яшайдиган пунктлар, корхоналар, иншоотлар ва қишлоқ хўжалиги ерларини тошқинлардан сақлаш билан шуғулланади.
Г. қадим замонларда пайдо бўлган. Ўзбекистонда ҳам қадимдан коризлар, сардобалар, тўғонлар, қайнамалар, акведуклар, каналлар қурилган, ернинг шўри ювилган, Сирдарё ва Амударё водийларида гидротехника иншоотлари барпо қилинган. Сирдарёнинг тоғ ва тоғ этаги қисмларида катта-кичик сой (Чортоқсой, Косонсой, Исфарамсой, Шоҳимардонсой) ва дарёлар (Исфара, Чирчиқ, Оҳангарон)да кўпгина каналлар қурилиб, деҳқончилик қилишган. Сирдарё ҳавзасидаги бир қанча сой (Шаҳрихонсой, Марғилонсой, Андижонсой) ва канал (Зах, Искандар, Бўзсув, Салор, Хон ва б.)лар, Сурхондарё, Қашқадарё ва Зарафшон водийларида, Жанубий Хоразм ҳамда Қорақалпоғистонда қурилган бир қанча канал ва иншоотлар бизгача сақланиб келган.
Шарқнинг улуғ алломаси Ахмад ал-Фарғоний Нил дарёсига сув сатҳини ўлчайдиган Г. иншоотини қурган. Ўртаосиёлик Муҳаммад Латиф ўғли Ҳасан 18— ХИХ асрларда Самарқандда Обираҳмат ариғини, Зарафшонда Мингдона ариғини қаздирган ва 445 га ерга сув чиқарган. Ғузордаги дашт ерларга ҳовуз қаздириб, 800 таноб ерни ўзлаштирган. Хоразм, Туркманистон, Зарафшон водийси ва б. жойларда муҳандислик ечими ниҳоятда мукаммал бўлган қадимий тўғонлар, каналлар ва гидротехника иншоотлари барпо этилган.
Ўзбекистон Республикасида Г. фанини ривожлантиришга Ўрта Осиё ирригация илмий тадқиқот институти (САНИ-ИРИ), Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Сув муаммолари институти, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва бир қатор лойиҳалаш институтлари олимлари (Р.А. Алимов, А.М. Муҳамедов, З.Р. Ҳусанхўжаев, Р.Р. Абдураупов, Х.А. Ирмуҳамедов, Э.Ж. Маҳмудов, Х.А. Исмоилов, М.Р. Бақоев, В.А. Скрилников ва б.) салмоқли ҳисса қўшдилар.
Ўзбекистонда 53 сув омбори, 41 ГЕС, 1456 насос ст-яси, 134 минг км зовурлар, 30 минг км хўжаликлараро каналлар, 156 минг км ички тармоқ каналлари қурилган бўлиб, 4,3 млн. га ер майдонини суғоради.
Машарип Бақоев, Шавкат Раҳимов.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |