Gidrotoraks

Гидроторакс (лотинча ҳйдротҳорах, юнонча ҳйдро – сув ва тҳорах – кўкрак сўзларидан) – плевра бўшлиғида яллиғланишга алоқадор бўлмаган суюқлик (транссудат)нинг тўпланиши.
Юрак етишмовчилиги натижасида катта қон айланиш доирасида қон димланиши; буйрак касалликлари, айниқса нефротик синдром шаклланишида; жигар сиррози; турли сабабларга кўра юзага келган ассит; сўрилишнинг бузилиш синдроми; алиментар дистрофия; перитонеал диализ; микседема; шунингдек, кўкс оралиғи ўсмалари ҳолатларида юзага келиши мумкин[1].
Патогенези
Юрак етишмовчилигида плевра бўшлиқларида суюқлик тўпланишининг асосий механизми катта ва кичик қон айланиш доираларида гидростатик босимнинг кўтарилиши ҳисобланади.
Буйрак касалликлари, сўрилишнинг бузилиши синдроми, алиментар дистрофия ва микседемада гидроторакснинг ривожланиши қон плазмасидаги оқсил миқдорининг камайиши (гипоалбуминемия) оқибатида онкотик босимнинг пасайиши билан боғлиқ[2].
Ассит ва перитонеал диализ пайтида гидроторакс ривожланиши қорин бўшлиғи босимининг кўтарилиши натижасида диафрагмадаги тешиклар орқали суюқликнинг қорин бўшлиғидан тўғридан-тўғри плевра бўшлиғига ўтиши билан боғлиқ.
Жигар сиррозларида гидроторакс ҳам гипоалбуминемия, ҳам ассит суюқлигининг қорин бўшлиғидан плевра бўшлиғига ўтиб қолиши сабабли юзага келиши мумкин[3].
Кўкс оралиғи ўсмаларида гидроторакс қон ва лимфа оқимининг маҳаллий бузилиши оқибатида пайдо бўлади.
Клиник кўриниши
Гидроторакснинг клиник кўриниши плевра бўшлиқларидаги суюқлик миқдори ва унга сабаб бўлган касаллик аломатлари билан аниқланади.
Аксарият ҳолларда гидроторакс икки томонлама кузатилади. Плевра суюқлиги ҳажми жуда кам ёки бир неча литргача етадиган даражада кўп бўлиши мумкин.
Плевра бўшлиқларида суюқликнинг сезиларли тўпланиши ўпкаларнинг сиқилишига ва кўкс оралиғи аъзоларининг силжишига олиб келади, бу эса нафас олиш етишмовчилиги белгилари – ҳансираш ва сианоз пайдо бўлиши билан кечади. Иситма ва кўкрак қафасидаги оғриқлар хос эмас.
Гидроторакс кўпинча периферик шишлар, тери ости тўқимасининг кенг тарқалган шиши (анасарка) ва перикард бўшлиғида суюқлик тўпланиши – гидроперикард билан биргаликда кузатилади[4].
Беморларда одатда гидроторакс ривожланишига сабаб бўлган юрак, буйрак, жигар касалликлари ва бошқа оғир патологик ҳолатлар аниқланади.
Диагностикаси
Суюқлик тўпланган соҳа устида ўтказилган жисмоний текширувда овоз титрашининг сусайиши ёки йўқлиги; юқори чегараси қийшиқ бўлган бўғиқ ёки ўтмас перкуссия товуши; нафас шовқинларининг эшитилмаслиги аниқланади. Плевра суюқлигининг муҳим ташхис белгиси бемор ҳолатини ўзгартирганда перкуссия ўтмаслик чегарасининг силжишидир.
Рентген текшируви тана эгилганда юқори чегараси силжийдиган суюқликнинг бир хил соясини аниқлаш имконини беради. Плевра суюқлигини тўғри аниқлашнинг муҳим шарти ён ҳолатда рентгенологик текширув ўтказишдир. Ултратовуш усули ёрдамида плевра бўшлиғидаги оз миқдордаги суюқликни ҳам аниқлаш ва плевра пунксияси учун қулай жойни танлаш мумкин[5].
Гидротораксда плеврал пунксия даволаш ва диагностика мақсадида ўтказилади. У катта ҳажмдаги гидротораксда даволаш самарасидан ташқари, плевра суюқлигининг хусусиятини аниқлаб, плеврит, гемоторакс ва хилоторакс каби касалликлар билан қиёсий ташхис қўйиш имконини беради.
Транссудат, плеврит пайтида плевра бўшлиғида тўпланадиган экссудатдан фарқли ўлароқ, сарғиш тусли, баъзан қонли хусусиятга эга бўлган, ҳидсиз, ишқорий реаксияли тиниқ суюқликдир. Ундаги оқсил миқдори 30 г/л дан ошмайди, солиштирма оғирлиги одатда 1,006 дан 1,012 г/мл оралиғида ўзгариб туради. Фибриноген миқдори жуда кам. Сентрифугалашдан сўнг чўкмани микроскопик текширганда эндотелиал (мезотелиал) ҳужайралар ва оз миқдорда лейкоцитлар – 1 мл да 1000 тадан кам топилади.
Гемоторакс пайтида плевра пунксияси орқали қон, хилотракс пайтида эса лимфа олинади.
Даволаш усуллари
Даволаш гидроторакснинг сабабини бартараф этишга, яъни гидроторакс ривожланишига олиб келган асосий касалликни (юрак етишмовчилиги, жигар сиррози ва бошқалар) даволашга қаратилган.
Нафас олиш қийинлашиши билан кечадиган катта ҳажмдаги гидротораксда, плевра пунксияси вақтида плевра бўшлиғи таркибини аста-секин чиқариб ташлаш тавсия этилади.
- ↑ „Гидроторакс“. фнкc-фмба.ру. Қаралди: 16-октабр 2024-йил.[сайт ишламайди]
- ↑ „Гидроторакс“. www.смcлиниc.ру. Қаралди: 16-октабр 2024-йил.
- ↑ „Гидроторакс“. www.инвитро.ру. Қаралди: 16-октабр 2024-йил.
- ↑ „Гидроторакс“. www.здоровиэ-клиника.ру. Қаралди: 16-октабр 2024-йил.
- ↑ „Диагностика гидроторакса“. полйcлиника.ру. Қаралди: 16-октабр 2024-йил.