Гидроузел, гидротехника иншоотлари узели —жойлашиши ва уйғунликда ишлаш шароитлари бўйича бирлашган гидротехника иншоотлари гуруҳи. Асосий вазифасига кўра гидроэнергетика (Чирчиқ дарёсидаги Ғазалкент, Сирдарёдаги Фарҳод); энергетика, суғориш, сув таъминоти, балиқчилик хўжалиги учун дарёдан сув олишни таъминлайдиган сув олгичлар (Сух дарёсидаги Сариқўрғон ва б.); дарё оқимини тартибга соладиган (Чирчиқ дарёсидаги Чорвоқ, Қорадарёдаги Андижон); сув транспорти гидроузел ва б. гуруҳларга бўлинади. Аксарият гидроузел бир йўла бир қанча сув хужалиги вазифаларини ҳал қилишни мўлжаллаб қурилади (Вахш дарёсидаги Тўхтағул —суғориш, энергетика, оқимни тартибга солиш; Амударёдаги Туямўйин —суғориш, оқимни тартибга солиш). Гидроузел паст босимли (тўғон олдидаги сув чуқурлиги — босим фарқи 15 м дан ошмайди), ўрта босимли (босим фарқи 15–50 м) ва юқори босимли (босим фарқи 50 м дан юқори) бўлади. Паст босимли гидроузел асосан сув олиш ва транспорт эҳтиёжларига, тоғ дарёларида энергетикага, юқори ва Ўрта босимли гидроузел эса энергетика, ирригация ва транспорт мақсадларига мулжалланади.

Гидроузел таркибига асосий ва ёрдамчи иншоотлар киради. Асосий иншоотлар: зарур босимни ҳосил қилувчи тўғон, сув омбори; сув ташлагич-обпартов (шахтасимон, сифонли, минорали, туннелли ва б.), баҳордаги ошиқча тошқин сувларни қуйи бефга (тўғон ортига) ташлашга ҳамда сув омборини бўшатиш мақсадида сувни чиқариб юборишга хизмат қилади; тўғон олдида ҳосил бўлувчи оқизиқ чўкиндиларни ювиш учун мўлжалланган қурилмалар; ростлагич ёки текислагич —тўсқич ва оқим йўналтиргич дамбалар, текислайдиган ва қирғоқни мустаҳкамлайдиган иншоотлар; асосий иншоотларни қирғоқ билан ёки конструксияларнинг айрим элементларини ўзаро боғлайдиган бирлаштирувчи иншоотлар (туташ дамбалар, тиргаклар, бўлгич устунлар ва б.); юқори бефдан муз парчаларини чиқариб ташлайдиган, муҳим қисмларини муз босимидан ва муз парчаларининг тиқилиб қолишидан сақлайдиган муздан сақдагич ёки муз тўсгичлар; махсус иншоотлар (ГЕС, кема шлюзлари, балиқ ўтказгичлар ва б.) Ёрдамчи иншоотларга маъмурийхўжалик бинолари, йўллар, водопровод ва ш. к. коммуникациялар киради.

Гидроузел асосий иншоотларининг мутаносиб жойлаштирилиши сув хўжалиги мақсадларига қулай бўлиши (сувни қулай ва мунтазам ўтказиши, иншоотларнинг ўзаро мувофиқлигини таъминлаши) керак. Айни пайтда гидроузел эстетик талабларга ҳам жавоб бериши лозим. Ўрта Осиёдаги гидроузелнинг кўпчилиги ат-рофидаги табиат билан узвий боғланган меъморий мажмуани ташкил этади (мас, Зарафшон дарёсидаги Оқдарё-Қорадарё, Исфайрамсойдаги Полмон, Норин дарёсидаги Учқўрғон, Қорадарёдаги Куйганёр ва б. гидроузеллар).

Суғорма деҳқончилик шароитларида сув тақсимоти ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишда гидроузелнинг аҳамияти катта. Тошқинлар, музлик ва қорликларнинг тез эриши, ёғинлар даврида сув гидроузелнинг сув омборида йиғилади. Тўпланган сув дарёларда сув камайиб, экинларни суғориш давом этаётган даврда каналларга берилади. Сув камчил йилларда гидроузеллар сув омборлари билан бирга узлуксиз суғоришни таъминлайди.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил