Гилос (илмий номи: Прунус áвиум)

Гилос (лотинча: Прúнус áвиум)(форсча: گیلاس — гилос) —  атиргуллилар оиласига мансуб кўпйиллик мевали дарахт ва унинг меваси[1]. Сариқ гилос. Қизил Ёввойи ҳолда Ўрта ва Жанубий Европа, Эрон, Кавказ, Украина, Молдовада учрайди. Европа мамлакатлари, Туркия, Эрон, Афғонистон, Хитой, Япония, Украинанинг жануби, Кавказ, Болтиқбўйи ва Ўрта Осиёда экилади.

Гилос дарахтининг бўйи 10-15 метр (баъзан 30 метргача боради), шохлари қалин, ёйилиб ўсади. Барги чўзиқ-тухумсимон, тўқ яшил. Гули оқ, икки жинсли, гулбанди узун. Мевасининг шакли думалоқ, юраксимон, эти ширали, сирти текис. Энг эртаги данакли мева.

Таркибида 7-15% қанд, 0,36-1,1% кислота, витаминлар, 0,2% ошловчи ва 0,7% гача пектин моддаси бор. Янгилигида истеъмол қилинади, компот ва мураббо тайёрланади. Гилос асал берадиган ўсимликлар қаторига киради. Данаги мағзида 30% гача парфюмерия саноатида ишлатиладиган мой бор.

Гилос унумдор, нам, мўтадил ерларда яхши ўсади, ёруғлик ва иссиқликка талабчан. Кўчати экилгандан кейин 4–5-йили ҳосилга киради. Дарахти 100 йилгача яшайди, тупи 150-300 кг ҳосил беради. Асосан март-апрел ойларида гуллайди, май-июнда пишади. Ёзи иссиқ худудларда яхши ўсмайди. Намга талабчан. Асосан магеллаб олчаси ёки ёввойи олчага пайвандлаб кўпайтирилади. Кўчати суғорилиб, таги юмшатилиб турилади. Гилос ёшартириш мақсадида 2-3 йиллик шохлари буталиб, дарахти қўшимча озиқлантирилади. Гилос учун айниқса елим оқиш касаллиги ғоят хавфли. Эрта баҳор ва ёзда инсектицидлар ва фунгицидларнинг бирон тури билан 2-3 марта ишлов берилади.

Гилоснинг 100 га яқин нави маълум. Ўзбекистонда гилоснинг Саври сурхони, Қора гилос, Сариқ гилос, Баҳор, Ревершон, Сариқ дрогана, Чкалов навлари кўп экилади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Манба

  1. ↑ Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2023 — 964-бет. ИСБН 978-9943-8834-4-4.