Гипотермия (гипо... ва юн. тҳерме — иссиқлик) — одам ва иссиқ қонли ҳайвонларда температуранинг одатдагидан пасайиши; бунга организмда иссиқликнинг ҳосил бўлишидан кўра кўпроқ сарфланиши сабаб бўлади. Терморегуляция (иссиқликнинг идора этилиши) бузилганда, мастлик, қон йўқотиш, шок ҳолатларида организмда иссиқлик ҳосил бўлиши билан унинг ташқарига чиқарилиши ўртасидаги нисбат бузилиб, гавда температураси пасайиши мумкин. Гипотермия табиий ва сунъий бўлади. Табиий гипотермия кўпгина ҳайвонларнинг қишки уйқуга мослашиш жараёнидир, бунда гавда температураси тушиб кетганда ҳам улар бемалол яшай олади. Гипотермия шароитида моддалар алмашинуви, қон айланиши, тўқималарнинг кислородга бўлган эҳтиёжи кескин камаяди. Бу эса тиббиёт амалиётида одамнинг ҳам гавда температурасини сунъий тушириш имкониятини беради. Гавда температурасини сунъий тушириш учун вегетатив нерв системасига таъсир этадиган турли доридармонлардан фойдаланилади. Сунъий гипотермиянинг умумий ва маҳаллий хиллари бор. Сунъий гипотермия гипертермиянинг хавфли шаклида, калла суяги — мия шикастланишлари, меъда ва ўн икки бармоқ ичак ярасининг қонайдиган хилларини даволашда қўлланади. Ундан жарроҳлик, айниқса юракни операция қилишда кенг фойдаланилади, натижада қон айланиши қисман ёки тўла тўхтатиб қўйилади, натижада аъзо ва тўқималарда кислород танқислиги хавфи йўқолади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил