Gipotoniya
Гипотония (юнонча гипо — кам ва тонос — таранглик) — тўқима, аъзо ва системаларнинг бўшашуви, яъни тонуси (таранглиги) нинг пасайиши. Юрак-томир системасининг тонуси пасайганда қон босими паст бўлади. Гипотония кўпинча қон босимининг пасайганлигини ифодалайди (90/60 мм симоб устунидан паст). Қон босимининг нормал ҳолати ёшга, географик минтақага қараб бир оз фарқ қилиши мумкин (тропик ва субтропик мамлакатларда яшайдиган кишиларнинг қон босими шимолий ҳудудлардагиларга нисбатан пастроқ бўлади). Спорт (айниқса, оғир атлетика) билан мунтазам шуғулланадиган йигит-қизларда, оғир жисмоний иш қиладиган кишиларда, балет артистларида гипотония йиллаб, баъзан эса умрбод давом этиши мумкин. Бундай кишилар ўзларини яхши сезадилар ва бемалол ишлайверадилар. Бу физиологик гипотония бўлиб, дори-дармоннинг ҳожати йўқ. Патологик Гипотония эса турли инфексион касалликлар, заҳарланиш, оч юриш ёки яхши овқатланмаслик, шунингдек, эндокрин безлар касаллиги натижасида юзага келади. Гипотония кўпгина касалликларнинг бошланиш белгиларидан бўлиши ёки вегетатив нерв системаси фаолиятининг издан чиқиши сабабли мустақил касаллик сифатида авж олиши мумкин. Гипотонияда бош оғриғи, дармонсизлик, уйқу бузилиши, жиззакилик, қон босимининг бирдай паст туриши ва бошқалар кузатилади. Гипотония одатда, сурункали кечиб, вақт-вақти билан, айниқса қиш-баҳорда, шунингдек, руҳий ҳаяжон ёки ноқулай ташқи омиллар (об-ҳаво кескин ўзгарганда) таъсирида қайталаниб туради. Гипотониянинг олдини олиш учун меҳнат ва дам олишни тўғри уюштириш, дам олиш кунлари яхши ҳордиқ чиқариш, бадан тарбия билан шуғулланиш, витаминларга бой таомларни кундалик овқат рационига киритиш керак.
Даволаш
Гипотония белгилари пайдо бўлганда врач кардиолог ёки терапевтга мурожаат қилиб, даволаниш лозим. Даво асосан касалликка сабаб бўлган омилларни бартараф этишдан иборат. Қон босимини кўтарадиган ва қувватга киргизадиган дорилар, шунингдек, санатория ва курортларда даволаниш тавсия этилади. Жисмоний машқлар билан шугулланиш асосан кардиоспорт (юрак кардиоси) билан шугулланиш юрак мушаклари тонусини нормал ҳолатда ушлаш, коронар қон томирларда учраши мумкин бўлган организм учун ёд бўлган маҳсулотлар топланишини олдини олади, марказий ва перефериядаги қон томирларни ўтказувчанлигини оширади. Спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари ва бошқа зарарли одатлардан вос кечиш керак. Кун давомида 2-3 км пиёда юришни тавсия этилади. Бунда юракни умуман организмни кислородга бўлган эҳтиёжи қондирилади. Бу эса ўз навбатида организмда учраши мумкин бўлган гипотонияга олип келувчи касалликларни олдини олган бўлади.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Тиббиётга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |