Giuseppe Verdi
Гиусеппе Верди (талаффузи: Жузеппе Верди; 1813. 10. 10, Парма, Ронколе қишлоғи — 1901. 27.1, Милан) — италян композитори, опера жанрининг йирик устаси. 7 ёшидан мусиқадан сабоқ олган. 15 ёшида ибодатхонада органчи, оркестр дирижёри бўлиб, Буссето шаҳрида консертлар ташкил қилган. У ўз асарларида қаҳрамонларнинг ички дунёсини чуқур очишга, инсон қадр-қимматини, ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишга интилган, жамиятдаги ижтимоий иллатларни фош қилган. "Риголетто" (1851), "Трубадур" (1853), "Травиата" (1853) каби операларида инсонпарварлик ғоялари юксак эҳтирос билан олға сурилган. Услубида жўшқин, ҳаяжонли мусиқа ривожи билан оҳангдор куйлар, ёрқин ҳамда содда ифодавий воситалар уйғунлашган. "Бал-маскарад" (1859), "Дон Карлос" (1867), "Аида" (1870) опералари В. ижодининг чўққисидир. В. Шекспир асарлари асосида яратилган иккита нодир операси ("Отелло" мусиқали фожиаси, 1886; "Фалстаф" комик операси, 1892) да янги, муттасил мусиқа ривожига асосланган услуб намоён бўлган, опера жанри ислоҳ қилинган. В. асарлари жаҳон театрлари репертуаридан муносиб ўрин олган. Ўзбекистонда ҳам "Риголетто", "Аида", "Травиата", "Трубадур" каби опералари саҳнага қўйилган.
| Гиусеппе Верди |
|---|
Манбалар
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |