Глауконит (юн. глаукос — кўкимтир-яшил) — минерал. Гидрослюда гуруҳига мансуб темирнинг сувли алюмосиликата. Кимёвий формуласи доимий эмас, мураккаб. Г.ни асосий таркибий қисмлари кремний оксиди (49-56%), темир оксиди ва чала оксиди (21% гача), алюминий оксиди, калий оксиди (10% гача), магний оксиди (7% гача) ва сув (13% гача) дан иборат. Моноклин сингонияли. Ранги тўқ яшилдан қорамтир яшилгача. Мўрт. Қаттиқлиги 2—3. Зичлиги 2200—2800 кг/м3. Денгиз ётқизиқларидан ҳосил бўлган жинсларда ҳамда Қўм ва қумтошларда майда юмалоқ, нотўғри кристаллар шаклида учрайди. Денгиз тубида гел ҳолида чўкиб ҳосил бўлади. Мезокайнозой чўкинди жинсларида кўп тарқалган. Ўзбекистонда Фарғона водийсида, Ғарбий Козоғистон, РФ (Волгабўйи), Украина, Тожикистон жан.даги бўр даври қумтошларидан кўплаб топилган. Озиқ-овқат саноатида оқартирувчи модда. Қ. х.да ўғит сифатида ишлатилади. Бундан ташқари яшил бўёқ тайёрлашда қўлланади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил