Global muammolar
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. |
Глобал муаммолар — умумбашарий ҳаёт ва тараққиёт билан боғлиқ ҳозирги замон муаммолари. Улар жумласига жаҳон термоядро урушининг олдини олиш, халқаро террорчиликка қарши кураш ва барча халқлар учун тинчликни таъминлаш; ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар ўртасида ижтимоий-иқтисодий тараққиёт даражасидаги тафовутни бартараф этиш, очлик, қашшоқлик ва саводсизликни тугатиш, ривожланаётган мамлакатларда аҳолининг тез суръатлар билан кўпаяётганлигини тартибга солиш, атроф муҳит ҳалокатли тарзда ифлосланиб бораётганлигининг олдини олиш; инсониятни керакли ресурслар — озиқ-овқат, саноат хомашёси, энергия манбалари билан таъминлаш, фан ва техника тараққиёти салбий оқибатларга олиб келишига йўл қўймаслик кабилар киради. Глобал муаммолар аввало жаҳонда кечаётган иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, ҳарбий, илмий-технологик, ижтимоий-маданий жараёнларнинг умумбашарий аҳамият касб этиши натижасида юзага келди.
Глобал муаммоларнинг турлари
Глобал муаммоларларни 4 гуруҳга ажратиш мумкин:
- Халқаро сиёсий муносабатларда вужудга келган глобал муаммолар;
- Халқаро иқтисодий муносабатларда пайдо бўлган глобал муаммолар;
- Ижтимоий соҳада вужудга келган глобал муаммолар;
- Инсон ва табиат ўртасидаги муносабатларнинг бузилиши натижасида вужудга келган глобал муаммолар.
Халқаро сиёсий муносабатларда вужудга келган глобал муаммолар
Ушбу муаммолар жаҳонда ривожланган, ривожланиб келаётган ва қолоқ мамлакатларнинг мавжудлигидир. Ҳозирги кунда жаҳон сиёсий тартиботини белгилашда дунёдаги 7 ривожланган мамлакатнинг мавқеи катта. Бу мамлакатлар билан қолоқ мамлакатлар орасидаги тафовут ғоят кучайди. Тараққий этган мамлакатларда демократик қадриятлар ривожланган бўлса, қолоқ мамлакатларда авторитаризм, демократияга зид бўлган ижтимоий муносабатлар авж олди, халқаро хавфсизликка қарши таҳдидлар пайдо бўлди. Буни террорчилик, экстремизм кўринишлари вужудга келганлиги тасдиқлайди.
Халқаро иқтисодий муносабатларда пайдо бўлган глобал муаммолар
Жаҳон хўжалик тизими вужудга келиб, унда асосан иқтисодиёти ривожланган мамлакатлар устунлиги қарор топди. Иқтисодиёти ҳаддан ташқари ривожланган мамлакатлар, транснационал корпорациялар жаҳон иқтисодиётини бошқараётган бир пайтда, иккинчи томонда уларга қарам, иқтисодиёти жуда ҳам паст даражадаги мамлакатлар мавжуддир. Жаҳонда иқтисодий ва илмий-техникавий тараққиёт ютуқларига қарамасдан бой ва камбағал мамлакатлар ўртасидаги фарқ ўсиб бормоқда. ХХ аср охирида ривожланган мамлакатлар жаҳон ялпи миллий маҳсулотининг 86 % ини ишлаб чиқарган бўлса, камбағал давлатлар атиги 1 % ини ишлаб чиқарди. Айрим мамлакатлар ривожланган давлатлардан жуда катта миқдорда қарзга ботди. Натижада улар сиёсий жиҳатдан мустақил бўлсада, иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакатларга қарамдир. Жаҳон иқтисодий муносабатларидаги глобаллашувнинг салбий оқибатлари ҳам мавжуд. Масалан, миллий бозорни сиқиб қўяди, ишсизликни, фермерларнинг синишини кучайтиради. Бу глобаллашувга қарши ҳаракатни келтириб чиқарди — Европанинг бир неча шаҳарларида норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Глобал иқтисодий жараёнлар жаҳон миқёсида ҳаракат қилувчи молиявий-иқтисодий жиноий гуруҳларини вужудга келтирди.
Ижтимоий соҳада вужудга келган глобал муаммолар
Жаҳон аҳолиси муттасил кўпайиб бориши натижасида Осиё ва Африка мамлакатларида озиқ-овқат, ичимлик суви танқислиги кучайиб, бу ҳол бошқа мамлакатларда ҳам кузатилаётгани, жаҳон аҳолисининг муайян қисми очарчиликни бошдан кечираётгани, саводсиз эканлиги, ахборот-технология ва умуман фан-техника инқилоби самараларидан баҳраманд эмаслиги, бутун инсониятга хавф туғдирувчи касалликлар (масалан, ОИТС) тез тарқалаётганлиги шундай муаммолар сирасига киради.
Инсон ва табиат ўртасидаги муносабатларнинг бузилиши натижасида вужудга келган глобал муаммолар
Улар қаторига денгиз ва сув ҳавзаларининг булғаниши, ўрмон майдонларининг тобора қисқариши, атмосфера озон қатламининг йўқолиб бориши кабилар киради. Хатарли кимёвий моддаларнинг ҳаддан ташқари кўп ишлатилиши натижасида қишлоқ хўжалигида экин экиладиган ерларнинг катта қисми яроқсиз ҳолатга келиш хавфи кучайди. Собиқ СССРда қишлоқ хўжалиги соҳасида технократик сиёсат юритилиши оқибатида Орол денгизи суви камайиб, ғоят мушкул экологик муаммоларни келтириб чиқарди. Глобал муаммоларга қарши курашда жаҳон ҳамжамиятини бирлаштириш муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон ва глобал муаммолар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ўз асарларида, турли халқаро анжуманларда сўзлаган нутқларида Марказий Осиёда глобал муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларни бартараф этиш йўлларини кўрсатиб берди, бу муаммоларни ҳал қилиш халқаро хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг муҳим шарти эканлигига жаҳон жамоатчилиги эътиборини қаратди.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- Каримов И., Ўзбекистон ХХИ аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари, Тошкент, 1997.
- Шахназаров Г., Куда идёт человечество, Москва, 1985.
- Отабоев Ш., Набиев М., Инсон ва биосфера, Тошкент, 1995; Сангинов С, Философский анализ моделирования глобалних процессов, Тошкент, 1996.
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |