Gnotobiontlar
Гнотобионтлар (юн. гнотос — маълум ва биотос — ҳаёт, тириклик) — микроорганизмлардан тамоман холи бўлган ҳайвонлар. Гнотобионтларни илмий тадқиқот ишлари учун стерил шароитда етиштирилади. Баъзан бирор микроорганизм билан махсус зарарланган ҳайвонларни ҳам гнотобионтлар дейилади. Микробсиз ҳаёт мумкинлиги тўғрисидаги ғояни биринчи марта Л. Пастер (1885) ўртага ташлаган эди, аммо фақат ХХ асрнинг 40-йиллари охирига келиб Америка ва Япония олимлари стерил ва махсус аппаратура ёрдамида микробсиз ҳайвонларни ривожлантириш ва кўпайтириш учун сунъий шароит яратишди. Гнотобионтлар (денгиз чўчқачалари, сичқонлар, қуёнлар ва б. лаб. ҳайвонлари ҳамда чўчқа, бузоқ ва б.) дан экспериментал биология ва тиббиётнинг турли соҳаларида фойдаланиши ХХ асрнинг 60-йилларига келиб мустақил илмий йўналиш — гнотобиологиянинг ривожланишига олиб келди. Гнотобионтларнинг биринчи авлоди бачадондан ҳомилани стерил чиқариб олиш ёки қушлар, ҳашаротлар ва б.нинг зарарсизлантирилган тухумларини инкубация қилиб, сўнгра махсус изоляторларда ўстириш орқали олинади. Гнотобионтлар бошқа нормал микрофлорага эга бўлган ҳайвонлардан баъзи (хусусан табиий шароитда микрофлора билан контактда бўладиган) органлар ва тўқималарнинг ўзига хос тузилиши ва фукнсионал фаоллиги билан фарқ қилади. Гнотобионтларни олиш иммунитет микроб (паразит) билан хўжайин организми ўзаро таъсири механизмларининг шаклланиши, овқат ҳазм қилиш физиологияси, инфексион патология ва б.ни қатъий назорат қилинадиган шароитда ўрганишга имкон беради. Гнотобионтлар соҳасида тадқиқотлар табиий шароитда организмда нормал микрофлора бўлгандагина ҳайвонлар нормал ҳаёт кечириши мумкинлигини кўрсатди. Гнотобиология усулларидан клиник тиббиёт, микробиология, иммунология, вирусология, паразитология ва б. соҳаларда, шунингдек, диагностик зардоблар и.ч., фармаколотик ва биологик препаратларни синаб кўришда фойдаланилади.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |