Голарктика (юнонча: ҳолос — ҳамма, барча ва арктикос — шимолий) — қуруқликдаги флора дунёси ва зоогеография (Арктогея) области. Шим. ярим шарнинг тропик минтақадан ташқари ҳамма қисмини ўз ичига олади. Ҳоз. Г. флорасида 30 дан ортиқ эндемик оилалар бор. Флоранинг шаклланиши Шим. Американинг Лавразия ҳудудида мавжуд бўлган қад. палеоген-неоген ва учламчи давр флораси билан боғланган. Қад. Тетис денгизи Лавразияни тропика флорасидан ажратиб турган. Палеоген охирида иқлимнинг совиб кетиши билан Г. флораси ҳам ўзгарган. Қад. флоранинг намуналари жан. қисмда (Шарқий Осиё, қисман Шим. Америкада) сақланиб қолган. Г.нинг асосий биомлари (тундра, ўрмон, чўл ва б.) ўсимликлар қопламида кўпроқ мураккабгулдошлар (қоқидошлар), ҳилолдошлар, дуккакдошлар, айиқтовондошлар, пиёздошлар, карамдошлар, чиннигулдошлар, раънодошлар, зирадошлар, сигирқуйруқдошлар, лабгулдошлар ва б. оилаларнинг вакиллари учрайди. Дарахтлардан қайин, тол, ёнғоқ, раънодошлар ва айрим бошқа оилалар, нинабарглилардан таксодиялар (ҳоз. камайиб кетган) ва айниқса қарағай кенг тарқалган. Г.нинг флора дунёси 3 кичик дунёга ва 9 областга бўлинади.

Бореал кичик дунёси Европа (Ўрта денгиздан ташқари), Осиё (тропикадан ташқари) ва Шим. Американи ўз ичига олади. У флорага жуда бой бўлиб, кўп эндемик оилалар (жумладан, магнолиясимонлар)га эга. Ўрта денгиз кичик дунёси Шим. Африка, Европанинг жануби, Олд ва Ўрта Осиёни эгаллайди. Флораси бореал ва тропик флора таъсирида ривожланган (лавр, палма ва б.). Мадреан кичик дунёси Шим. Американинг жан. ва ғарби, Мексиканинг тоғли минтақасини ўз ичига олади. Флораси бир қанча эндемик оилалар, туркумлар (10% га яқин), турлардан (40%) иборат.

Г. зоогеография области (Арктогея) ҳайвонот дунёси турларга унча бой эмас. Бунга асосий сабаб ландшафтининг нисбатан бир хилдалиги, иқлимининг ноқулайлиги, фаунасининг анча ёш бўлишидир. Сут эмизувчилардан бобрсимонлар, қўшоёқсимонлар, сув каламушлари, аплодонцимонлар, айришохлилар, пишчухасимонлар, селевинсимонлар; қушлардан гагаралар, қурлар; сувда ва қуруқликда яшовчилардан бурчактишлар, амбистомасимонлар, яширинжабралилар, амфиумалар, протейлар, сиренлар; балиқлардан антиканбалиқлар, осётрсимонлар, куракбурунлилар, совутли чўртанлар, лососсимонлар, ҳариуссимонлар, чўртансимонлар, окунсимонлар ва б. эндемик оилалар учрайди. Шим. Америка ва Евросиё фаунаси ўртасидаги ўхшашлик плиоцен ва тўртламчи даврда Осиё ва Америка қитъалари Аляска ва Чукотка ярим орол оркали туташганлигини ва улар ўртасида фауна алмашиниб турганлигини кўрсатади. Ана шу йўл билан Евросиёдан Америкага тоғ қўйлари, лослар, қўнғир айиқлар ва ҳозирги Америкада қирилиб битган мамонтлар, яклар; Америкадан Евросиёга шимол буғуси, қўйҳўкиз ва б. ўтиб қолган.

Г. зоогеографик области Палеарктика ва Неоарктика кичик областларига бўлинади. Палеарктика Евросиё ва Шим. Африканинг мўтадил ва совуқ иқлимли қисмини ўз ичига олади. Ҳайвонот дунёси Евросиёнинг қад. тропик фаунасидан иборат, лекин учламчи ва тўртламчи даврда иқлимнинг қуруқлашиши таъсирида кескин ўзгарган. Неоарктика Шим. Американинг тропик қисмидан шим.роқдаги ҳудудларни ва Тинч ҳамда Атлантика океанидаги бир қанча оролларни эгаллайди.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил