Golfstrim
Бу мақола викилаштирилиши керак. |
Голфстрим (инглизча: Гулф Стреам -қўлтиқ оқими) — Атлантика океанининг шимолий қисмидаги илиқ оқим. Голфстрим оқими бир қанча илиқ оқимлардан иборат бўлиб, Флорида ярим ороли қирғоғидан Шпицберген ва Новая Земля оролларигача 10 минг км масофагача ҳаракатланиб боради. Голфстрим дастлаб Флорида қўлтиғининг жанубий қисмида ҳосил бўлади. Пассат шамоли сувни Юкатан бўғози орқали Мексика қўлтиғига томон ҳаракатлантиради ва оқибатда Мексика қўлтиғи суви сатҳи билан Атлантика океанининг қўлтиқ яқинидаги сув сатҳида каттагина фарқ вужудга келади. Океанга кираверишда оқим ҳажми секундига 25 млн.м3 (суткасига 2160 км3) га етади, бу эса бутун Ер шаридаги барча дарёларнинг сув сарфидан 20 марта ортиқдир. Океанда бу оқим Антил оқими билан қўшилади, шундан сўнг 38° ш. к.да Голфстримда секундига 82 млн. м3 сув оқади. Голфстрим океанда соатига 6 км (баъзан 10 км) тезлик билан шимолга ҳаракатланиб Шимолий Америка материги соҳили бўйлаб ўтади. Оқимнинг эни жанубда 75 км, Хаттерас бурни яқинида 110–120 км, қалинлиги 700–800 м. Голфстрим оқими жуда кўп иссиқлик ҳамда туз олиб келади. Сув юзасида ўртача йиллик температура 25—26°, шўрлиги 36,2—36,4%, 400 м чуқурликда 10—12°, Нюфаундленд саёзлигининг жанубий чеккаси атрофида Голфстримга шимолдан совуқ Лабрадор оқими яқинлашиб келади. Ана шу ерда икки хил сув аралашади ва юза қатламдаги сув пастга тушади. Тахминан 40° ғарбий узунликда Голфстрим Шимолий Атлантика оқими номини олади, бу оқим ғарбий ва жанубий-ғарбий шамоллар таъсирида Атлантика океанини ғарбдан шарққа кесиб ўтади ва Европа яқинида аста-секин шимолий-шарққа бурилади. Томсон портига яқинлашганда Шимолий Атлантика оқимидан Ирмингер илиқ оқими ажралиб чиқиб, Баффин денгизи томон кетади. Шимолий Атлантика оқимининг асосий қисми Норвегия денгизидан чиққач, Шпицберген оқими номини олади ва Скандинавия ярим оролининг ғарбий қирғоғи бўйлаб шимолга қараб ҳаракатланади, шундан сўнг Шпицберген оролларининг ғарбий қирғоғи яқинидан ўтиб, Шпицбергендан шимолда бу оқим пастга тушиб кетади ва Шимолий Муз океанидан яна бир оз сезилиб туради. Голфстрим ва унинг давоми бўлган илиқ оқимлар Шимолий Муз океани ва унинг денгизлари сувига, органик дунёсига, Европанинг Атлантика океанига яқин мамлакатлари иқлимига катта таъсир этади. Илиқ сув Европа ҳавосини илитиб туради[1].
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
Манбалар
Ҳаволалар
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |