Гомел вилояти – Беларус таркибидаги вилоят. 1938 йил 15 январда ташкил этилган. Республиканинг жануби-шарқида. Майдон 40,4 минг км2. Аҳолиси 1674 минг киши, асосан беларуслар; шунингдек, рус, украин, яҳудий, поляк ва бошқалар ҳам яшайди. 21 туманга бўлинган; 17 шаҳар, 17 шаҳарча бор. Маркази – Гомел шаҳри.

Ер юзаси текислик. Ғарбида Припят Полесеси (120–140 м), шарқида Днепрбўйи пасттекислиги (100– 130 м) бор. Фойдали казилмалари: нефт, тоштуз ва калий тузи, торф, бўр, гил, қум. Иклими мўътадил континентал. Январнинг ўртача темпатураси – 7°, –5,5°, июлники 18,5°–19°. Йилига 550–650 мм ёғин тушади. Вегетация даври 190–200 кун. Дарёлари: Днепр ва унинг ирмоқлари (Березина, Припят, Сож). Энг йирик кўли – Червоное. Тупроқлари кучсиз подзоллашган қумли ва торф-ботқоқли, шарқида қумоқ ва қумлоқ тупроқ. Ҳудудининг 41% га яқини ўрмон, 12% ботқоқлик, ўтлоқ кўп.

Вилоятда йирик энергетика базаси (торф, газ, нефт) ташкил этилган. Гомелда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, станоксозлик, торф машинасозлиги, двигателлар, подшипниклар, ўлчов приборлари, электротехника ва бошқалар заводлар, Мозирда мелиорация машиналари заводи, "Мозиркабел", металл қуйиш-механика заводлари, Речица металл буюмлар заводи бор. Вилоятда кимё саноати барпо этилган. Ўрмон, ёғочсозлик ва қоғоз саноатлари ривожланган. Мебел фабрикалари (Мозир, Елск, Жлобин, Калинковичи, Рогачёв, Василевичи), ёғоч-созлик комбинатлари (Гомел, Мозир), фанер-мебел (Речица), фанер-гугурт (Гомел), селлюлоза-қоғоз (Добруш) ва селлюлоза-картон (Светлогорск) комбинатлари, Гомел яқинида (Костюковка) мамлакатда йирик ойна зди бор. Енгил саноат асосан маҳаллий хом ашёда ишлайди. Донли экинлар, техника экинлари экилади, боғ ва мевазорлар бор. Чорвачилик сут, гўшт етиштиришга ихтисослашган. Қорамол, чўчқа, қўй ва эчки боқилади. Темир йўл асосий транспорт тури. Автомобил йўллари муҳим ҳисобланади. Днепр, Припят, Сож, Березина дарёларида кема қатнайди. Драма театри, қўғирчоқ театри, 6 музей бор.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил