Гомоген реактор — ядро ёнилғиси билан секинлаткич гомоген аралашма (нейтронлар учун бир хил муҳит) ҳосил қиладиган атом реактори. Бунда аралашма ядро ёнилғиси билан секинлаткичнинг суюқ эритмасидан ёки зарралар суспензиясидан иборат бўлиши мумкин; суспензиядаги зарралар ўлчами эса нейтронларнинг эркин югуриш узунлигидан анча кичик бўлади. Энергетика мақсадлари учун мўлжалланган қайнар реакторда кукунсимон уран (ёки плутоний) билан сув аралашмаси бир жинсли системани ташкил қилади. Г.р.да махсус иссиқ,лик элтувчилар ишлатилмайди. Г.р. актив зонасидаги иссиқлик икки усулда: шу зонага ўрнатилган айланма най орқали совуқ сув юбориб ва актив зонани айланиб юрувчи оғир сув ичига ўрнатиб ажратиб олинади. Г.р.ни созлаб туриш учун алоҳида система талаб қилинмайди, у бир меъёрда ишлаб туради.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил