Градус ўлчашлар - Ернинг шакли ва ўлчамларини аниқлаш учун ер сиртида жуда аниқ бажариладиган геодезик ва астрономик ишлар. Меридианлар ва параллеллар ёйларининг узунлиги геодезик усулларда, ёйларнинг охирги пунктлари географик координаталари астрономик кузатувлар асосида топилади. Ернинг шар шаклидалиги ҳақидаги таълимот пайдо бўлгандан сўнг (милоддан аввалги В аср) унинг радиусини аниқлаш зарурати туғилди ва Г.ў.нинг дастлабки геометрик асослари ишлаб чиқилди. Ўша пайтларда Г.ў. бир меридианда ётган икки нуқта А ва В орасидаги меридиан ёйининг чизиқли узунлиги С ни ва шу нуқталарда бирор осмон ёритқичи нинг зенит узоклиги з ни ўлчашдан иборат бўлган. Меридиан ёйининг чизиқли узунлиги С билан Ер марказидаги унга мос бурчак (меридиан ёйи охирги нуқталари кенглиги фарқига тенг бурчак.

Қадимги Миср ва Юнонистон олимлари Ернинг катталигини аниқлаш устида иш олиб борганлар. Александриялик олим Эратосфен (мил.ав. 276—195 йиллар) Александрия ва Сиена (ҳоз. Асвон)ш.лари бир меридианда ётади деб ҳисоблаб, ёзги Қуёш туриши куни Қуёшнинг меридиандан баландлигини ўлчаб, бу шаҳарларнинг кенгликлари фарқи 7° 12’ эканлигини аниқлаган. Александрия билан Сиена ш.лари орасидаги масофа тахминан 5 минг Миср стадиясига тенглигини билган Эратосфен Ер шарининг радиуси 39790 стадияга (6311 км га) тенг эканлигини ҳисоблаб чиқарган.

Ўрта асрда Шарқ олимлари ҳам Ернинг катталигини аниқлаш устида иш олиб борганлар. 827 йил араб халифаси Маъмун топшириғи билан Синжар (Месопотамия) текислигида Ер шарининг катталигини аниқлаш учун Г. ў. олиб борилган. Бағдод шаҳри расадхонасида ишлаган Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий бу ишларда бевосита иштирок этган. Бунда бир нуқтадан бошлаб шим. ва жан.га томон меридиан ёйининг узунлиги махсус ўлчов арқони билан, градус қиймати эса юлдузларни астрономик кузатиш йўли билан аниқланган. Бу Г. ў. натижасида Ер меридиани ёйининг бир градуси 56,23 араб милига (ёки 111,8 км га) тенглиги аниқланган. Бу Г. ў. ўз даври учун анча аниқ бажарилган. Икки нуқта орасидаги узоқ масофани ўлчамай туриб Ер катталигини аниқлаш усулларидан бирини Абу Райҳон Беруний таклиф этган ва амалда қўллаган. Беруний текис жой устида қад кўтарган тоғ тепасида туриб, махсус асбоб билан уфқнинг пасайиш бурчагини ўлчайди ва тоғ баландлигини аниқлайди. Сўнгра Ер радиусини ҳисоблаб чиқаради. Беруний 1 градус меридиан ёйининг уз. 56,6 араб милига (112,6 км га) тенглигини аниқлаган. Бу қиймат ХВИИ аср охирига қадар энг аниқ, Г. ў. ҳисобланган.

Голландиялик олим В. Снеллиус (1580—1626) триангуляция методини кашф қилгандан сўнг (1615—17) Г. ў. кенг ривожланди, чунки меридиан ва параллелларнинг исталган қисми узунлигини аниқлашга имкон туғилди. Олимлар Г. ў.да триангуляция методини қўлладилар. И. Нютон бутун олам тортишиш қонунига асосланиб, Ер шар шаклида эмас, эллипсоид шаклида, деган ғояни илгари сурди (1680). Франсуз олими Ж. Деламбр 1800-йилда Ер эллипсоиди элементларини ҳисоблаб чиқди. Деламбр таклифига кўра, Ер меридиани айланаси чорагининг 4-ЙУ7 дан бир улуши 1 м деб қабул қилинди.

ХИХ аср бошларида турли мамлакатларда бажарилган астрономик-геодезик ишлар Ернинг шакли эллипсоиддан бир оз фарқ қилишини кўрсатди. Масалан, франсуз олими П. С. Лаплас (1749— 1827) Франсия ва б. давлатларда ўтказилган Г. ў. натижаларини таҳлил қилиб, меридиан ёйининг қиймати экватордан қутбга томон бир хилда камаймаслигини аниқлади ва Ер ноаниқ ва мураккаб шаклда, деган хулосага келди.

1873-йилда немис физиги И. В. Листинг (1808—82) Ернинг бундай шаклини геоид деб аташни таклиф этди. Геоид шакли Ернинг тортиш кучига боғлиқ бўлганлигидан Г. ў.дан ташқари гравиметрик ишлар олиб боришга тўғри келди.

Рус геодезисти К. И. Теннер (1783— 1860), астрономи В. Я. Струве (1793— 1864) Г. ў. олиб боришган. Натижада Дунай дарёсининг қуйилиш жойидан Скандинавия ярим оролининг шим. қирғоғигача бўлган 25°20’ меридиан ёйининг узунлиги ҳисоблаб чиқилди. Бу ёйга "Струве ёйи" деб ном берилди. Ундан Ернинг катталигини аниқлашда фойдаланилган. Рус олимлари К. И. Теннер (1844), Ф. Ф. Шуберт (1861), А. М. Жданов (1893) ва б. Ер эллипсоиди элементларини ҳисоблаб чиқишган. 1899—1902-йилларда Петербург Фанлар академияси ташаббуси билан Швесия Фанлар академияси иштирокида Ер шарининг энг шим. Шпицберген оролида Г. ў. олиб борилди. Рус геодезисти Ф. Н. Красовский собиқ Иттифокда геодезик шохобчалар барпо этиш ва топографик план олиш дастурини ишлаб чиқди (1928). 1933-йилдан бошлаб, собиқ Иттифоқ ҳудудининг гравиметрик планини тузиш ишлари авж олди. Геодезия, аэрофотосъёмка ва картография марказий илмий текшириш институтида Ернинг шакли ва катталигини аниқлаш юзасидан муҳим ишлар қилинди. Ер эллипсоидининг катталиги ҳисоблаб чиқилди. Ана шу ер эллипсоди Красовский эллипсоиди деб аталади.

Г. ў.га доир илмий тадқиқот ишлари Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институтида ҳам олиб борилади. Ер шаклининг ҳарактеристикаларини, шунингдек, унинг гравитацион майдонини аниқлаш учун эса оғирлик кучини ўлчаш усулларидан (қаранг Гравиметрия) ва Ернинг сунъий йўлдошларидан фойдаланилмоқда, Ернинг ўлчамлари, шакли ва гравитацион майдони ҳақида олинган маълумотлар астрономия, геодезия, ҳаритаграфия ва б. фан соҳаларини ривожлантиришда, Ернинг сунъий йўлдошларини, космик кемаларни учиришда жуда қўл келади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил