Грамматика (қадимги юнонча: γραμματική — грамматике, γράμμα — грамма сўзидан — ҳарф, ёзиш) — тилшуносликнинг тилнинг грамматик тузилишини, яъни сўзларнинг шаклга эга бўлиш қонуниятларини, шунингдек, сўз бирикмалари ва гапларни тузиш қонуниятларини ўрганадиган бўлими. Грамматика 2 қисмдан — морфология ва синтаксисдан иборат. Морфологияда сўзнинг грамматик туркумлари ва морфологик категориялар, сўз шакллари, синтаксисда эса сўз шаклларининг гап таркибида ўзаро бирикиш йўллари, гап ва унинг категориялари, гапнинг тузилиш турлари баён қилинади. Демак, Грамматикада сўз шакли, грамматик маъно, грамматик шакл, грамматик категория, гап ва унинг категориялари ҳақидаги тушунчалар марказий ўринни эгаллайди. Тилда ўзининг доимий ифодаловчисига эга бўлган, сўз шакли ва гапга хос умумлашган маъно грамматик маъно саналади. Маълум грамматик маънони ифодалаш учун хизмат қиладиган моддий восита грамматик шакл ҳисобланади. Грамматик шаклларни грамматик категорияни ташкил этган унсурлар дейиш мумкин. Аслида грамматик шакл деганда, маълум грамматик маънонинг моддий томони тушунилади. Грамматик шакл грамматик категорияни ташкил этган қисмларнинг бир томонини — яъни шаклий томонини ифодалайди. Шу боис, грамматик категориялар грамматик шаклларнинг муносабатидан юзага келган умумийлик, дейилса мантиқан тўғри бўлмайди. Чунки грамматик категория таркибига кирган ҳар бир қисм ҳам, ўз навбатида, шакл ва мазмун муносабатидан ташкил топган яхлитликдир. Шу сабабли айрим муаллифлар грамматик категория таркибий қисмлари учун граммема атамасидан фойдаланмоқдалар.

Грамматик бирликларни грамматик категорияларга бирлаштиришда шу категорияга хос умумлашган маъно асос бўлиб хизмат қилади. Категорияга хос бу умумлашган маъно мазкур категорияга бирлашган ҳар бир граммемада такрорланади. Шу билан биргаликда категория доирасидаги ҳар бир граммеманинг бошқасидан фарқ қиладиган маъноси ҳам мавжуд. Ана шу маънолар категория унсурларининг ўзаро зидланишида асос бўлиб хизмат қилади. Шундай қилиб, категория маъноси билан категория таркибидаги граммема маъноси ўртасида тур-жинс муносабати мавжуд.

Грамматика маълум тил қурилишини қандай ўрганишига кўра, амалий Грамматика ва назарий Грамматикага бўлинади. Амалий Грамматика муайян бир тилда гапнинг тўғри қурилиши учун зарур бўлган грамматик қоидаларни тавсифлайди. У ўз навбатида, 2 турга бўлинади: тавсифий ҳамда меъёрий грамматика Тавсифий Грамматика тил грамматик қурилишини тавсифлаш, баён қилиш билан чекланади. Меъёрий Грамматика эса тил фактларининг тил меъёрига муносабатини, маълум бир лисоний бирлик ёки қурилманинг тўғри ёки нотўғри қўлланганини ўрганади. Амалий Грамматикадан фарқли равишда, назарий Грамматика тил қурилишини тавсифлаш билан бирга, тил қурилишидаги бирликларнинг ўзаро муносабатини ўрганади. Бу орқали ҳар бир лингвистик бирликнинг тил системасидаги ўрни, қиймати белгиланади. Назарий Грамматикада тил грамматик қурилишининг системавий хусусияти очилади. Бевосита кузатишда берилган ҳодисалар замирида яширинган моҳият белгиланади. Шунинг учун ҳам назарий Грамматика умумийлик — хусусийлик, моҳият — ҳодиса, имконият — воқелик диалектикасини ўзида намоён этувчи тил ва нутқ зидланишига асосланади.

Грамматик бирликлар тадқиқотчи ёрдамида қайси томондан ўрганилишига кўра, Грамматика фаол, нофаол турларга бўлинади. Шаклдан маънога қараб тадқиқ қилиш усули — семасиология усулидир. Бу усулда маълум грамматик шакл қандай маъно ифодалаши ҳақида гап боради. Юқоридаги усулда грамматик бирликларни ўрганиш нофаол Грамматика саналади. Аксинча, мазмундан шаклга тамойили билан иш кўрувчи грамматика фаол грамматика ҳисобланади. Фаол Грамматикада у ёки бу мазмун қандай йўллар билан моддийлашиши мумкинлиги аниқланади.

Худди шу йўналиш билан боғлиқ равишда Грамматика мазмуний (ментал), шаклий (формал) ва вазифавий (функсионал) Грамматикаларга бўлинади. Мазмуний Грамматика мазмундан шаклга тамойилига амал қилади. Обектив борлиқнинг онгда акс этиши ва онгда акс этган обектив олам унсурлари умумлашган образларнинг тилда қандай ўз ифодасини топишини мазмуний Грамматика ўрганади. Шаклий Грамматика эса семасиологик тамойил, шаклдан мазмунга тамойили асосида иш кўради. Грамматик категорияларни тасниф қилишда шакл устуворлик қилади. Бу йўналишда грамматик шаклларни ўрганиш жараёнида нолисоний (экстралингвистик) омилларнинг эътиборга олиниши шарт эмаслиги таъкидланади. Функсионал Грамматикада асосий эътибор грамматик шакл ва грамматик категорияларнинг вазифасига қаратилади. Бундай Грамматикаларда лисоний бирликнинг 3 томони: мазмун, шакл, вазифа (функсия) диалектик бирликда олинади.

Грамматика муаммолари дастлаб қадимда Ҳиндистонда (тилшунос Панинининг Грамматикага оид трактатида, милоддан аввалги В—ИВ асрларда), кейинроқ Юнонистонда (Аристотел, милоддан аввалги ИВ аср, юнон тилшуноси Аполлон Дискол, милоддан аввалги ИИ аср ва бошқаларнинг асарларида) ишланган. Юнон грамматик анъаналари лотин тилини ўрганиш жараёнида ривожланиб борган.

Ўзбекистонда Грамматикани ўрганиш тарихи Маҳмуд Кошғарийнинг „Девону луғотит турк“ асарига бориб тақалади. Бу жараён ўрта асрлардаги луғацҳунослик тараққиётида ҳам ўз аксини топган (Толи Имоний Ҳиравийнинг „Бадое ул-луғат“ асари, (ХВ аср), „Абушқа“ номли чиғатойча-туркча луғат (ХВИ аср) ва бошқалар).

Ҳозирги ўзбек тили Грамматикаси Европа Грамматикаси асосида яратилган. Бу жараён ХИХ асрнинг 2-ярмидан бошланган. Дастлаб рус туркшуноси М. А. Терентев „Турк, форс, қирғиз (қозоқ) ва ўзбек тилларининг грамматикаси“ (1875) китобини ёзиб, СанктПетербургда нашр эттирган. Бу китоб маҳаллий тилни ўрганмоқчи бўлган русийзабон кишиларга мўлжалланган эди. Ўзбек тилининг изчил илмий Грамматикасини яратишни ХХ асрнинг 20-йилларида Фитрат, Ғози Юнус, Шорасул Зуннун ва бошқалар бошлаб бердилар. Кейинчалик бу соҳада А.Ғуломов, Ғ.Абдураҳмонов, А.Ҳожиев, Ш. Раҳматуллаев, Ш. Шоабдураҳмонов, С.Усмонов, Б.Ўринбоев ва бошқа тилшунос олимлар катта ишларни амалга оширдилар.

Яна қаранг

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  • Есперсен О., Философия грамматики, М., 1958; Ўзбек тили грамматикаси, Т., И, ИИ ж., 1975, 1981; Содиқов А. ва бошқа, Тилшуносликка кириш, Т., 1981; Ҳожиев А., Лингвистик терминларнинг изоқли луғати Т., 1985; Ш оаб д у р аҳм о н о в Ш., Ҳожиев А. ва бошқа, Ҳозирги ўзбек адабий тили, Т., 1980; Маҳмудов Н., Нурмонов А., Ўзбек тилининг назарий грамматикаси, Т., 1995; Нурмонов А., Шаҳобиддинова Ш.ваб., Ўзбек тилининг назарий грамматикаси, Т., 2001.

Абдуҳамид Нурмонов, Немат Маҳкамов.