Грим (франсузча: „гриме“, италянча: „грумо“ — ажинли) — 1) актёрлик санъатида қиёфа (асосан юз)ни ижро этиладиган ролга мослаб (махсус бўёқ билан бўяб, сунъий соч-соқол ёпиштириб, сочни ролга мослаб тараш ва ш.к.) ўзгартириш санъати. Образ яратишда муҳим воситалардан бири. Песа ёки ссенарийнинг бадиий хусусиятлари, безаклари, қаҳрамоннинг феъл-атвори, актёр ва режиссёрнинг ижодий мақсадига қараб ҳар хил бўлади.

Театрда грим тарихи қадимда халқ сайиллари ва ўйинларига бориб тақалади. Хитой, Ҳиндистон, Япония ва бошқа Шарқ мамлакатларида ҳам гримдан фойдаланилган. Актёр юзига чизилган расмлар кўриниш жиҳатидан ниқобга яқин бўлиб, баъзан унинг ўрнини босган. Лекин грим ниқобга нисбатан ҳарактерлироқ бўлгани сабабли актёрлар фақат гримдан фойдаланганлар. ХВИИИ-ХИХ асрларда кўпгина рус актёрлари гримга образ яратишда миллий ва тарихий ҳарактеристика воситаси деб қарашган. К. Станиславский ҳам гримни қаҳрамон психологиясини очишга ёрдам берувчи энг зарур восита деб билган. Грим режиссёр ғоясини амалга оширишда энг муҳим таркибий қисмлардан бўлгани сабабли театр режиссёри ва рассомнинг энг яқин ёрдамчиси бўлиб гримчи-рассом вазифаси юзага келди.

Кинода грим ўзига хос хусусиятга эга. Грим оператор техникаси талабига (плёнканинг ранг ёки ёруғликка таъсирчанлигига қараб) мос бўлиши лозим. Грим қилишда салгина сохталик, сунъийликка йўл қўйилиши филмга нуқсон бўлиб тушади. Грим қилиш мураккаб жараён бўлиб, у ссенарийчи, режиссёр фикри ва оператор иши билан боғлиқ. Гримчи-рассом суратга олиш жараёни ва кинотехника имкониятларини билиши лозим. Агар актёрнинг юзи катта ўзгаришларни талаб қилса, у ҳолда пластик грим ёпиштирилади, енгил, юмшоқ, резина қўлланади. Пластик грим эгилувчан, эластик бўлиб, у киши юзига жуда қулай жойлашади. Бу услубни биринчи марта 1930-йилда Санкт-Петербурглик рассом Р. Раугул қўллаган. Рангли филмларнинг такомиллашиб бориши гримчи-рассомлар олдига янги вазифалар қўймоқда, улар гримни кийимнинг ўзига хос хусусиятлари билан уйғунлаштиришга ҳаракат қилиб, гримдан фойдаланиш усулларини мунтазам ўзгартириб бормоқдалар.

Сиркда масхарабозларнинг чиқишларида ва ҳарактерли роллари бор йирик томошаларда қўлланади. Сирк юзага келган даврдан бошлаб масхарабозлар юзларига оқ нарсалар суриб томоша кўрсатишган. ХИХ аср охири ХХ аср бошларида грим масхарабозликда муҳим омиллардан бирига айланди. Замонавий сиркда ҳаётий грим кўпроқ қўлланилмоқда. Ўзбек халқ машарабоз ва қизиқчилари — Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Ака Бухор, Акром Юсупов кабилар ўз ижодларида гримдан кўп фойдаланишган.

2) Грим учун зарур бўлган бўёқ ва буюмлар. Грим бўёқлари махсус ресепт асосида тайёрланиб, турли хил ранглар билан аралаштирилади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил