Gulbadan begim
Гулбадан бегим (1522-йил, Кобул — 1603-йил, Деҳли) — Амир Темур авлодидан, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қизи, Марказий Осиёда ўрта асрлардаги ягона аёл-тарихчи[1].
| Гулбадан бегим | |
|---|---|
| Асл исми | Гулбадан бегим бинт Заҳириддин Муҳаммад Бобур |
| Таваллуди |
1522/1523 |
| Вафоти |
1603 Агра |
| Ижод қилган тиллари | туркий (Чиғатой тили - Эски ўзбек тили), форсий |
| Фуқаролиги | Бобурийлар империяси |
| Турмуш ўртоғи | Хизр Хўжа |
| Болалари | камида битта, Саодатёр |
| Ота-онаси | Дилдор бегим |
| Қариндошлари |
Акалари: Ҳумоюн шоҳ, Комрон мирзо, Аскарий мирзо, Ҳиндол мирзо, жияни Жалолиддин Муҳаммад Акбаршоҳ |
Болалик ва ёшлик йиллари
Гулбадан бегим 1522-йили Кобулда туғилган. Отаси Заҳириддин Муҳаммад Бобур эди. Онаси эса Дилдор бегим бўлган. Онаси Дилдор бегимнинг ҳақиқий исми — Солиҳа Султон бегим бўлиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг амакиси Султон Маҳмуд Мирзонинг қизи[2]. Дилдор бегимдан Гулранг бегим, Гулчеҳра бегим, Ҳиндол Мирзо, Гулбадан бегим ва Олур Мирзолар туғилганлар. Олур Мирзо ўлимидан кейин савдойи бўлиб қолган Дилдор бегим ҳарҳолда кейинчалик яна соғайиб кетган бўлиши эҳтимол, чунки Дилдор бегимнинг Ҳумоюншоҳ ҳукмдорлик даврида ҳам сарой йиғилишларида, анжуманларида иштирок қилгани ҳақида Гулбадан бегим муфассал маълумот беради [3].
Гулбадан бегим отаси Бобур подшоҳнинг фармонига кўра катта онаси, яъни Ҳумоюн Мирзонинг онаси — Моҳим бегим қўлида тарбияланган. Бинобарин, 1525-йили Гулбадан бегимни Моҳим бегим ўз тарбиясига олади. Гулбадан бегим ҳар иккала онасини ҳам самимий эъзозлаган. У ўз асарида онасини „Дилдор бегим“ деб, Моҳим бегимни эса „онам ҳазратлари“ деб тилга олади[4]. Гулбадан бегим 1529-йилгача Кобулда яшайди. Бобур Ҳиндистонни қўлга киритгач, Моҳим бегим билан бирга подшоҳ отасининг ҳузурига — Аграга боради. Отаси Бобур вафотидан сўнг, акаси Ҳумоюн подшоҳ саройида яшайди[5].
Ёшлигидан адабиёт ва тарихга қизиққан. Замонасининг барча билимларидан бохабар бўлган, форс тилини мукаммал ўзлаштирган, „Бобурнома“ни мутолаа қилган[6].
Оила ва фарзанди
1539-йилда Гулбадан бегимни Хизр Хўжахонга турмушга чиқарадилар. У бир ўғил кўради, исмини Саодатёр деб атайдилар[7].
Ҳаётининг кейинги даври ва вафот этиши
1556-йили Ҳумоюн подшоҳ вафотидан сўнг салтанат тахтига унинг ўғли Жалолиддин Муҳаммад Акбаршоҳ (1542—1605) ўтиргач, шоҳнинг онаси Ҳамидабону бегим билан Гулбадан бегим саройга — Деҳлига қайтиб келадилар. Ана шундан сўнг, Гулбадан бегим то умрининг охиригача жияни Акбаршоҳ саройида яшайди. „Акбарнома“ асарининг муаллифи Абул Фазл Алломийнинг берган маълумотига қараганда, 1575-йилда Гулбадан бегим Каъбатулло зиёратига жўнаб кетади ва 1582-йилда кўп қийинчиликлар билан зиёратгоҳдан қайтиб келади. Абул Фазлнинг ёзишича, Гулбадан бегим 1603-йилда 80 ёшида вафот этади. Акбар подшоҳ уни катта ҳурмат ва эҳтиром билан дафн қилади. Акбаршоҳнинг ўзи Гулбадан бегим тобутини ўғил сифатида кўтариб, дафн маросимида ўғиллик бурчини эътимомига етказади[8].
„Ҳумоюннома“ асари
Гулбадан бегим ўз замонасининг оқила, донишманд аёлларидан эди. У жияни Жалолиддин Акбаршоҳнинг „Фирдавс макон ва жаннат ошён Ҳазрат ҳақидаги воқеалардан нимаики билсангиз, ёзингиз“,— деган сўзига мувофиқ, „Ҳумоюннома“ номли муҳим тарихий асарини ёзишга киришади. „Ҳумоюннома“ Бобур билан Ҳумоюн подшоҳларнинг ҳаёт тарзи ва саргузаштларининг мухтасар тарихи бўлиб, мантиқан „Бобурнома“нинг давомидир. Бу асарнинг муҳимлиги яна шундаки, „Бобурнома“ асаридаги айрим воқеаларнинг келиб чиқиш сабаблари мукаммал очиб берилади. Асарда ХВ асрнинг охири — ХВИ асрнинг ўрталарида Мовароуннаҳр, Афғонистон ва Ҳиндистон ҳудудларида рўй берган воқеалар баён қилинади. Гулбадан бегим ўз асарида сарой аҳлининг ҳаёт тарзи, шунингдек, тарихий асарларда учрамайдиган Бобур подшоҳ хонадонининг нозик хусусиятлари, оилавий шароитлари, тўй ва аза билан боғлиқ удумлар, уй-рўзғор асбоблари, кийим-кечак турлари каби жиҳозлар ҳақида муфассал ҳикоя қилади[9]. Асар форсийда ёзилган. Гулбадан бегим Бобурнинг тарихнавислик соҳасидаги анъаналарини давом эттириб, китобида тарихий воқеалар билан бирга маданият, адабиёт, тилшунослик, география, этнография ва бошқа соҳаларга оид маълумотларни ҳам келтирган. Бобур ҳукмронлиги даври воқеаларини қисқа баён қилиб, Ҳумоюн даврини батафсил ёритган. Тарихчи олим Абулфазл Алломий „Акбарнома“ асарини яратишда „Ҳумоюннома“дан кенг фойдаланган[10].
Мир Маҳди Мирзонинг „Тазкират ул-ҳавотин“ асарига қараганда, Гулбадан бегимнинг ғазалиётдан ҳам хабари бўлган[11].
„Ҳумоюннома“ қўлёзмаси ва таржималари
Асарнинг 83 вароқдан иборат ягона қўлёзма нусхаси Британия музейида сақланади. Унда воқеа тугалланмаган, инглиз шарқшуноси Чарлз Рё ўз каталогида унинг қисқа тавсифини берган. Инглиз олимаси А. С. Бевериж инглиз тилига (Лондон, 1902), Сабоҳат Азимжонова ўзбек тилига (Тошкент, 1959) таржима қилиб, форсча асл нусхаси ва изоҳлари билан нашр эттирганлар[12].
Манбалар
- ↑ Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. 3-жилд: Гидрофилия—Зебралар. Т.:"Ўзбекистон миллий энсиклопедияси Давлат илмий нашриёти", 2004.
- ↑ Файзиев Т. Темурий маликалар. Т.: Абдулла Қодирий, 1994.
- ↑ Файзиев Т. Темурийлар шажараси. Т.: „Ёзувчи“, 1995. 235-бет.
- ↑ Файзиев Т. Темурий маликалар. Т.: Абдулла Қодирий, 1994.
- ↑ Файзиев Т. Темурийлар шажараси. Т.: „Ёзувчи“, 1995. 236-бет.
- ↑ Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. 3-жилд: Гидрофилия—Зебралар. Т.:"Ўзбекистон миллий энсиклопедияси Давлат илмий нашриёти", 2004.
- ↑ Файзиев Т. Темурий маликалар. Т.: Абдулла Қодирий, 1994.
- ↑ Файзиев Т. Темурийлар шажараси. Т.: „Ёзувчи“, 1995. 237-бет.
- ↑ Файзиев Т. Темурий маликалар. Т.: Абдулла Қодирий, 1994.
- ↑ Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. 3-жилд: Гидрофилия—Зебралар. Т.:"Ўзбекистон миллий энсиклопедияси Давлат илмий нашриёти", 2004.
- ↑ Файзиев Т. Темурий маликалар. Т.: Абдулла Қодирий, 1994.
- ↑ Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. 3-жилд: Гидрофилия—Зебралар. Т.:“Ўзбекистон миллий энсиклопедияси Давлат илмий нашриёти", 2004.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |