Gullar Festivali

Гуллар фестивали — Наманган шаҳрида ҳар йили ўтказиладиган гулчиликка асосланган фестивал.

Тарихи

Наманган шаҳрида илк бор гул кўргазмаси 1961-йилнинг 24-27-август кунлари ташкил этилиб, у байрам сифатида анъанага айланди. Кейинги уч йил ичида боғ, гулчилик, гуллар фестивали мисли кўрилмаган даражага кўтарилди. Ҳатто, турнақатор гуллар карвони ташкил этилди. ХИХ асрда ушбу хиёбон(Бобур боғи) ўрнида „Гулзор“ номли маҳалласи мавжуд бўлган. Бу ерда аҳоли гуллар етиштириш, гулли ичимликлар, нектарлар, гуллардан турли хил ширинликлар ва зираворлар ҳамда гулдан асал ишлаб чиқариш билан шуғулланган. Баъзи гул турларининг баргларидан ва илдизларидан шифобахш дамламалар тайёрланган. Гул ишлаб чиқарувчилар маҳалласининг шуҳрати Қўқон хони Худоёрхонга етиб борди ва у бу ерда мадраса қуришга қарор қилди. Аҳолини шаҳарнинг бошқа қисмларига кўчириб, бинолар қурилиши бошланади. Ҳар йили ўтказиладиган тантаналарда ҳам гул ишлаб чиқарувчиларнинг иштирокчилари, ҳам гўзалликнинг мухлислари тобора кўпая бора бошлади. Байрам тантаналари май ойининг охирида, гуллар энг чиройли кўринишда бўлганда ва гул ишлаб чиқарувчилар ўз санъатларининг барча завқларини намойиш этишлари мумкин бўлган пайтда ўтказиш анъанага айланди. 2018-йилдан бошлаб „Гуллар байрами“ „Гуллар фестивали“ деб ўзгартирилди ва Халқаро мақомга эга бўлди. Чунки унда нафақат Ўзбекистон, балки қўшни мамлакатларнинг гул ишлаб чиқарувчилари ҳам иштирок эта бошлади.[1]

Ташкил этилиши

Наманган шаҳрининг қутлуғ айёмида турли хил гуллар кўргазмаси, унга монанд маданий тадбирлар ташкил этилади. Уста гулкорлар, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг ҳаваскор боғбонлари гуллар кўргазмасида 100 дан ортиқ композицияли кўринишлар барпо қилади. Бундан ташқари анжуманда хорижий давлатлар, шунингдек вилоятлардан келган гулсеварлар ҳам ўз маҳсулотларини намойиш этади. Байрам дастуридан қатор кўнгилочар тадбирлар ҳам ўрин олади. Жумладан, фестивал доирасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида ҳунармандчилик буюмлари, китоблар, фотосуратлар, миллий либослар намойиши бўлиб ўтади. Бундан ташқари она юрт, табиат манзараларини акс эттирган суратлар кўргазмаси ташкил этилади. Фестивал якунида байрамда фаол иштирок этган ва ҳакамлар ҳай’атининг энг кўп овозини тўплаган гулчилар ҳамда ташкилотлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Халқаро гуллар фестивали Наманган шаҳрининг марказий кўчаларини кезадиган ва турфа гуллар билан безатиладиган 200 дан ортиқ автомобилдан иборат автокарвон билан бошланади. Шундан сўнг Бобур номли маданият ва истироҳат боғида тадбирнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.[2]

60-Халқаро гуллар фестивали

Тунги ко'риниши

60 йиллик гул байрамига Жанубий Корея, Россия, Туркия, Нидерландия ва қўшни давлатлар, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистондан хорижий меҳмонлар таклиф этилган. Тадбирда 150 нафар гулчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлар, шунингдек, 300 дан ортиқ ҳаваскор гулчилар иштирок этиб, фестивал тарихида илк бор 10 миллион туп гул кўчатлари экилган.

61-Халқаро гуллар фестивали

Festival tadbiridan
Фестивал тадбиридан

2022-йил ташкил этилган Гуллар фестивали 15 кун давомида ўтказилган. Шу вақтгача ушбу фестивал етти кун мобайнида давом этган. Мазкур халқаро фестивалда вилоятларидан келган 250 нафар уста гулчилар ҳамда 22 та хорижий давлатдан ташриф буюрган моҳир гулчи мутахассислар, ландшафт дизайнерлари гулчилик борасидаги маҳоратини намойиш этган. Халқаро гуллар фестивалига тайёргарлик кўриш доирасида Наманган шаҳридаги 16 гектарлик Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги боғда 8 гектар майдонга гул экилган. Йигирма кун давомида жами 1500 нафар ҳашарчилар 30 турдаги 16 миллион гулларни экиб чиқишган. Фестивалда 300 турдаги гуллар намойиш этилган. Байрам тантаналари якунида корхона-ташкилотлар ва гулчилар 12 та номинация бўйича тақдирланган.

Дипломатлар Гуллар фестивалида

Наманган шаҳрида ҳар йили ан’анавий тарзда ўтказиладиган йирик маданий-ма’рифий тадбир бўлиб, у Ўзбекистоннинг энг нуфузли ва ранг-баранг фестивалларидан бири ҳисобланади. Фестивал доирасида турли хил манзарали гуллар композициялари, ландшафт дизайнлари, ижодий кўргазмалар ҳамда консерт дастурлари намойиш этилади.

Мазкур фестивалда Ўзбекистонда фаолият юритаётган дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар раҳбарларининг иштироки мунтазам равишда та’минланиб келинмоқда. Ушбу амалиёт маданий дипломатия воситаси сифатида хизмат қилиб, давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, ҳамкорлик ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.

Фестивал нафақат ҳудудий туризмни ривожлантириш, балки Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва замонавий салоҳиятини халқаро майдонда тарғиб этишга хизмат қилади. Шунингдек, у турли миллат ва маданият вакилларини бирлаштирувчи платформа сифатида э’тироф этилади.

Ўзбекистонда маданиятнинг турли йўналишларида ўтказиладиган халқаро фестиваллар мамлакатнинг очиқлик сиёсати ва глобал ҳамкорликка интилишини акс эттириб, дунё нигоҳида унинг ижобий имижини шакллантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Эътироф

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 4-августда „Республика ҳудудларида гулчилик ва кўчатчиликни янада ривожлантириш тўғрисида“ги фармони эълон қилинди. Фармон билан Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Наманган вилояти ҳокимлиги билан биргаликда ҳар йили апрел-май ойларида Халқаро гуллар байрамини ўтказиш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.[3]

Галларея

Манбалар