Гурвак — қовуннинг серҳосил, ёзги, ўртапишар нави гуруҳи. Пўсти рангига қараб ола Г., қора Г., кўк Г., оқ Г., хиллари бор. Ола Г. уруғдан чиққандан кейин 90—105 кунда пишади. Шақли думалоқ, баъзан тухумсимон, йирик, оғирлиги 5—9 кг. Сирти текис, тўрлари йирик. Туси оқиш, тўқ яшил холлари бор. Пўсти қаттиқ. Эти 7—9 см, оқ, сершира, юмшоқ, ширин, таркибида 8,8—10,4% қанд бор. Уруғи йирик, наштар шақлида, оқ. Қора Г. уруғдан чиққандан кейин 85—95 кунда пишади. Шақли думалоқ ёки тухумсимон, йирик, оғирлиги 5—7 кг. Сирти силлиқ, ҳамма жойи тўр билан қопланган, тўрлари йирик, бир-бирига кам туташган. Туси тўқ яшил, оқиш нуқталари бор. Пўсти қаттиқ. Эти 5—7,5 см, оқ, юмшоқ, ширин, таркибида 7,2—9,2% қанд бор. Кўк Г. уруғдан чиққандан кейин 95—105 кунда пишади. Шақли думалоқ, йирик, оғирлиги 5—8 кг. Сирти текис, яшил. Пўсти қаттиқ. Эти 6—8 см, яшил, сершира, таркибида 7,4— 9,7% қанд бор. О қ Г. уруғдан чиққандан кейин 85—95 кунда пишади. Шақли думалоқ, йирик, оғирлиги 5—7 кг. Сирти текис, сертўр. Туси оч яшил. Пўсти қаттиқ. Эти 5—6 см, оқ, сершира, таркибида 7,6—10,4% қанд бор. Г. асосан Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида эқилади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил