Гуйчжоу — Хитойнинг жануби-ғарбидаги провинсия. Майдони 176,3 минг км2. Аҳолиси 36,5 млн. киши (1998). Асосан хитойлар, оз қисми майда миллатлар. Маъмурий маркази — Гуйян шаҳри.

Гуйчжоу Юннан-Гуйчжоу тоғлигида жойлашган, оҳактош ва сланеслардан тузилган. Тоғлик шарқдан ғарбга 700 м дан 2872 м гача баландлашиб боради.

Карст кенг тарқалган. Энг катта дарёси — Уцзян. Иқлими сернам, субтропик иқлим. Йиллик ёғин 800–1300 мм, ёғиннинг кўп қисми ёзда ёғади. Январнинг ўртача температураси 4—8°, июлники 22— 26°. Тупроғи унумдор (латерит, қизил васариқтупроқлар). Ўрмонлар, асосан, тоғ ён бағирларида; қимматбаҳо ёғоч берадиган ва б. дарахтлар (дуб, қарағай, чой дарахтлари) ўсади.

Гуйчжоу иқтисодиётининг етакчи тармоғи — қишлоқ хўжалиги Майд.нинг 11% дан кўпроғи ишланади, шундан ярми суғорилади. Асосий экинлари: шоли (экин майд. нинг 40% и), маккажўхори, буғдой, индов, тамаки ва бошқалар. Мевачилик ривожланган. Чорвачилик ёрдамчи аҳамиятга эга; чўчқа боқилади, қорамолдан, асосан, иш ҳайвони сифатида фойдаланилади. Тунг ва камфора мойи ишлаб чиқарилади, лак дарахти плантациялари бор, доривор ўсимликлар терилади. Гуйчжоу симоб қазиб олишда мамлакатда етакчи ўринда (Тунжен); мис (Вейнин), марганес рудаси (Сзуни), сурма (Душан, Санду), кўмир, темир рудаси қазиб чиқарилади. Озиқ-овқат, тамаки, тўқимачилик, кимё, машинасозлик (кончилик саноати учун машиналар, транспорт машиналари, қишлоқ хўжалиги техникаси ва бошқалар ишлаб чиқарилади), қурилиш материаллари саноати, қоғоз ва ёғочсозлик корхоналари бор. Асосий саноат марказлари — Гуйян, Тунжен.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил