Гватемала Республикаси (испанча: Репúблиcа де Гуатемала) — Марказий Американинг шимоли-ғарбидаги давлат. Майдони — 108,9 минг км2. Аҳолиси 12 млн. киши (2018). Пойтахти — Гватемала шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 22 департаментга бўлинади.

Давлат тузуми

Гватемала — республика. Амалдаги конституцияси 1986-йил 14-январда кучга кирган, 1994-йилда ўзгартишлар киритилган. Давлат бошлиғи — президент, умумий овоз бериш йўли билан 4 йил муддатга сайланади. Қонун чиқарувчи органи — бир палатали Миллий конгресс. Ижроия ҳокимиятни Президент бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади.

Табиати

Гватемала ҳудудининг ярмидан кўп қисми 1000–3000 м баландликдаги тоғлик бўлиб, жанубида қатор вулканлар (Тахумулко — 4217 м, Акатенанго — 3975 м ва бошқа) эни 40–60 км дан ошмайдиган пасттекисликка туташиб кетади. Тез-тез зилзила бўлиб туради. Фойдали қазилмалари: полиметаллар, олтин, кумуш, нефт, хромит ва марганес рудалари. Иқлими — субекваториал, пассатмуссон. Ўртача темпатура: пасттекисликларда 23–27", тоғ ораларидаги платоларда 15–20 °C. Йиллик ёғин: тоғларнинг шимоли-шарқий ён бағирларида 3500 мм гача, жануби-ғарбий ён бағирларида 2000 мм гача, паеттекисликлар ва ички ботикларда 500–1000 мм. Мотагуа, Полочик дарёларида кема қатнайди. Исабел кўли бор. Ҳудудининг 60% га яқини доимий яшил тропик ўрмонлар билан қопланган, тоғликнинг ички қисмларида қарағайдуб ўрмонлари, жанубида барг ташловчи ўрмонлар, саванналар ва бутазорлар бор. Ўрмонларда қимматбаҳо ёғоч, каучук берадиган дарахт кўп. Миллий боғлари — Тикал, Рио-Дулсе, Атитлан ва бошқалар.

Аҳолиси

Асосан испан-индейс дурагайлари (ладинолар) бўлиб, улар гватемаллар миллатининг ўзагини ташкил этади. Қолганлари киче, какчикел, маме, кекчи ва бошқа элатлардан иборат. Шаҳар аҳолиси — 38,4%. Расмий тили — испан тили. Кўпчилик диндорлар — католиклар.

Тарихи

Милоддан аввалги 2-минг йилликкача Гватемала ҳудудида яшаган индейс қабилалари деҳқончилик ва овчилик билан шуғулланган. Милодий бўсағасида пайдо бўлган шаҳарларда майя маданияти вужудга келди. 1523-йил испанлар Гватемалани босиб олди, кўпгина маҳаллий қабилаларни қириб ташлаб, Испания мустамлакасига айлантирди. 1560-йилда Гватемала генерал-капитанлиги ташкил этилди. 1821-йил, Америкадаги Испания мустамлакаларининг мустақиллик учун уруши давомида (1810–1826) мамлакат мустақилликка эришди. 1824-йилда қулчилик бекор қилинди. 1823-йил 1-июлда пойтахти Гватемала шаҳри. бўлган Марказий Америка бирлашган вилоятлари номли федератив республика тузилди. 1839-йил Марказий Америка федерацияси парчаланиб, Гватемала, Гондурас, Никарагуа, Салвадор ва Костарика давлатлари ажралиб чиқди. Биринчи жаҳон урушида Гватемала Антанта тарафида бўлди. 1898–1920 ва 1931–1944 йиллар мамлакатда диктаторлик тузуми ҳукмронлик қидси. Президент Х. Арбенс Гусман ҳукумати (1951–1954) бир қанча тадбирларни амалга оширишга интилди, лекин ҳарбий фитна натижасида ағдарилди. 1954–1965 ва 1970–1985-йилларда ҳам турли ҳарбий гурухдар томонидан тўнтаришлар уюштирилди. 1985 йилдан фуқаролар ҳукумати ҳокимият тепасига чиқди. Гватемала 1945-йилдан — БМТ — аъзоси. Миллий байрами — 15 сентабр — Мустақиллик куни (1821).

Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари

Миллий авангард партияси; Институцион-демократик партия, 1965 йил тузилган; Гватемала меҳнат партияси, 1949 йил тузилган; Гватемала христиан-демократик партияси, 1968 йилда асос солинган; Гватемала республикачилар фронти, 1994 йилтузилган; Миллий озодлик ҳаракати партияси, 1960 йил тузилган. Гватемала касаба уюшма мухтор федерацияси, 1957 йил тузилган; Касаба уюшма бирлиги миллий қўми-таси, 1976 йилда асос солинган; Касаба уюшмалари миллий фронти, 1968 йил ташкил этилган; Меҳнаткашлар миллий касаба уюшма маркази, 1972 йил тузилган; Гватемала касаба уюшма кенгаши, 1955 йилда асос солинган, Халқаро эркин касаба уюшмалари конфедерациясига киради.

Иқтисодиёти

Гватемала — қолоқ аграр мамлакат, иктисодиёти тропик ўсимлик маҳсулотларини экспорт қилишга ихтисослашган. Ялпи ички маҳсулотда қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги ва балиқчиликнинг улуши 26%, саноатнинг улуши 15%. Мамлакат аҳолисининг 2,5% экинзорларнинг 85% га эгалик қилади. Асосий экини кофе, пахта, шакарқамиш, банан; шунингдек абаку, эфир мойли экинлар, тамаки ҳам етиштирилади. Асосий озиқовқат экинлари: маккажўхори, шоли, картошка, ловия, сабзавот. Чорвачилик 2-даражали аҳамиятга эга. Қорамол, чўчқа, қўй боқилади. Қимматбаҳо ёғоч (балса, бакаут ва бошқа) турлари, чикле смоласи тайёрланади. Саноати заиф ривожланган. Рух, волфрам, сурма, қўрғошин, никел, симоб, кумуш, оз миқдорда нефт (мамлакат эҳтиёжининг 25%) қазиб олинади. Озиқ-овқат, кўнчилик, тўқимачилик, нефт кимёси, бинокорлик материаллари корхоналари бор. 2,3 млрд. кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Эскуинтле ва Пуэрто-Барриос яқинидаги нефт маҳсулотлари заводлари четдан келтирилган хом ашё асосида ишлайди. Ҳунармандчилик ривожланган. Темир йўл узунлиги — 819 км, автомобил йўллари узунлиги — 17,3 минг км. Панамерика автойўли Гватемала орқали ўтади. Асосий денгиз портлари: Пуэрто-Барриос, Сан-Хосе, Чамперико. Гватемала ш.да хал-қаро аэропорт бор. Гватемала четга кофе, пахта, банан, қанд-шакар, гўшт, ёғоч, бинокорлик материаллари ва бошқа чиқаради. Четдан озиқ-овқат, автомобиллар, асбоб-ускуна, нефт келтирилади. АҚСҲ, Германия, Марказий Америка мамлакатлари, Япония, Мексика билан савдо-сотиқ қилади. Пул бирлиги — кецал.

Маорифи, илмий ва маданий муассасалари

Бошланғич мактаблар ҳузурида болалар боғчалари ва мактабгача тарбия бўлимлари бор. Бошлангич таълим 6 йиллик (қишлоқ жойларда 3 йиллик), ўрта мактаблар 5 йиллик; ҳунар-техника мактаблари ҳам бор. 5 университетда мутахассислар тайёрланади. Колониал музейда расмлар, ҳайкалтарошлик асарлари, Сантяго музейида қурол-яроғ, мебел, санъат асарлари, Қадимги китоб музейида тарихий ва бадиий асарлар, Чичикастенанго музейида майякиче маданий обидалари, Миллий тарих ва нафис санъат музейида рассомлик, ҳайкалтарошлик, гравюра буюмлари, қад. тангалар, Археология ва этнография музейида майя маданияти ёдгорликлари сақланади. Гватемала шаҳрида Миллий кутубхона мавжуд. Илмий тадқиқотлар ва тажриба-конструкторлик ишлари илмий ва техника тадқиқотлари миллий кенгаши ва Фанлар Академияси орқали мувофиқлаштириб борилади. Илмий тадқиқотлар марказлари: Атом энергияси институти, Электрлаштириш институти, Антропология ва тарих институти, География институти, Метеорология ва сейсмология институти, расадхона, Тиббиёт, физика ва табиий Фанлар Академияси, Майякиче тили академияси ва бошқалар.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви

Гватемалада бир қанча газета ва журналлар нашр этилади. Йириклари: „Диарио де Сентроамерика“ („Марказий Америка газетаси“, 1880 йилдан), „Импарсиал“ („Холис“, кундалик кечки газета, 1922 йилдан), „Насон“ („Миллат“, кундалик газета, 1969 йилдан), „Ора“ („Соат“, кундалик кечки газета, 1944 йилдан), „Пренса либре“ („Эркин матбуот“, кундалик газета, 1951 йилдан). Миллий радиоэшиттириш ва телекўрсатув бош бошқармаси ҳукумат хизмати бўлиб, у 1931 йил ташкил этилган. Мамлакатдаги радиоэшиттириш ва телекўрсатувларни назорат қилади. „Вое де Гуатемала“ („Гватемала овози“) ҳукумат радио стансияси, бир қанча тижорат телестялари мавжуд.

Адабиёти

Адабиёти асосан испан тилида. Майя қабилаларининг қад. маданиятини, шу жумладан юксак даражада ривожланган адабиётини мустамлакачилар йўқ қилиб юборган. Бир неча ёдгорликларгина сақланиб қолган. Испания ҳукмронлиги йилларида Гватемала адабиёти тақлидий тусда бўлган. ХВИИИ асрдагина ҳақиқий адабий асарлар яратилди (А. Пас-и-Салгадо, Р. Ландивар каби ёзувчилар). Мустақилликка эришилгач, адабиёти романтик йўналишдан борди. ХИХ аср охирларида реалистик роман пайдо бўлди. ХХ аср бошларидаги адабий жараёнда модернизм оқими ҳукмронлик қидди. ХИХ аср — ХХ аср биринчи ярмида Р. А. Саласар, Э. Мартинес Собрал, М. Сото Холл, Ф. Калдерон Авила, Р. Алевало Мартинес каби реалист ёзувчилар ижод қилишди. 1944–54 йил инқилобидан сўнг М. А. Астуриас, Л. Кордоса-и-Арагон, Р. Лейва, О. Р. Гонсалес, У. Алварадо ва бошқа машҳур бўлди.

Меъморлиги ва тасвирий санъати

3– ИХ асрларда Гватемала ҳудудида майя индейсларининг маданияти ва санъати гуллаб яшнаган. Тикал, Каминалиую, Киригуа марказларида ўша даврга мансуб пирамида ёки минора шаклидаги пойдеворга қурилган ибодатхоналар, саройлар, эҳромлар, бўртма тасвирли тошлар сақланиб қолган. Мустамлака даврида бир қаватли уйлардан ташкил топган тўғри кўчали янги шаҳарлар (Антигуа, Чичикастенанго) барпо этилди. Қалин деворли азим бинолар қурилиб, барокко услубига хос ганчкорлик ва ўймакорлик нақшлари билан безатилди. Театр, президент саройи, ҳукумат саройи ва бошқа шулар жумласига киради. Кейинги йилларда замонавий бинолар қад кўтарди.

Тасвирий санъатида халқ, ижоди анъаналари давом этиб келмокда (қизил, оқ ва қора газламалардаги геометрик нақшлар, рўмол ва шолчалардаги одам, ҳайвон тасвирлари ва ҳар хил нақшлар, лой ва сопол идишларга ишланган турли безаклар ва бошқа). Рассомлик санъати линий анъаналар таъсирида ривожланди. ХИХ—ХХ асрларда индейсларнинг турмуш манзаралари тасвирланган асарлар яратилди (рассомлар А. Галвес Суарес, Т. Фонсека, Р. Ласо, ҳайкалтарошлар Х. Урруэла, Р. Галеотти Торрес ва бошқа). Гватемалада тўқувчилик, каштачилик, кулолчилик, палма баргидан турли буюмлар ясаш каби бадиий ҳунармандчилик кенг тарқалган. Гватемала шаҳрида миллий нафис санъат мактаби, Кесалтенангода маҳаллий нафис санъат мактаби мавжуд.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил