Habib Abdullayev
Ҳабиб Муҳаммедович Абдуллаев (31-июл, 1912 – 20-июн, 1962) ўзбек совет геологи, ЎзССР Фанлар академияси академиги (1947-йилдан) ва президенти (1956-1962) бўлган.
| Ҳабиб Муҳаммедович Абдуллаев | |
|---|---|
| Файл:Ҳабиб Муҳаммедович Абдуллаев.жпг | |
| Таваллуди |
31-июл 1912-йил Аравон, Фарғона вилояти (Россия империяси) |
| Вафоти |
20-июн 1962-йил (49 ёшда) Тошкент, ЎзССР, СССР |
| Истиқомат жойлари | ЎзССР |
| Фуқаролиги | ЎзССР |
| Соҳаси | Геология |
| Таълими | Тошкент политехника институти |
| Мукофотлари |
|
Ҳаёти
Ҳабиб Абдуллаев 1935-йил Ўрта Осиё индустрия институтининг кончилик факултетини тугатгач, геология-разведка партияси бошлиғи. Кейинроқ Ўзбекистондаги Лангар волфрам-молибден конининг геологик тузилиши, минерал таркиби ва ҳосил бўлишини тадқиқ қилди. 1940-йилдан Ўрта Осиё индустрия институтининг фойдали қазилмалар кафедрасида доцент, сўнгра шу институтда директор, 1942-йилдан Ўзбекистон ҳукумати раисининг ўринбосари, 1944-йилдан айни вақтда Давлат план комиссияси раиси. 1946-йил „Ўрта Осиёнинг шеэлитли скарнлари геологияси“ мавзуида докторлик диссертациясини ёқлади ва бу асар 1947-йилда нашр этилди. Абдуллаев 1947-йилдан Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти. Айни вақтда Геология институти директори ҳамда унинг Петрология ва металлогения бўлими раҳбари. Абдуллаев 1952 – 55-йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси техника ва геология-кимё фанлари бўлимининг раиси, 1955—56-йилларда Ўзбекистон ҳукумати раисининг ўринбосари ва 1956-йилдан Ўзбекистон Фанлар академияси президенти. Абдуллаев 1959-йилда руда пайдо бўлишининг гранитоид интрузиялар билан генетик боғлиқлиги соҳасидаги илмий иши учун юксак мукофот билан тақдирланган. У эндоген руда ҳосил бўлиши назариясини ривожлантирди. 130 дан ортиқ илмий асар (жумладан, 7 монография) ёзган. Ҳабиб Абдуллаев Тошкент ва Москвада нашр этилган кўпгина мўтабар илмий журналлар, тўпламлар, илмий-оммабоп нашрларнинг масъул муҳаррири, таҳрир ҳайъати аъзоси эди, жумладан Ўрта Осиёда биринчи – „Ўзбекистон геология журнали“ни ташкил қилди ва унинг масъул муҳаррири бўлди. Абдуллаев волфрам, қалай, рангли ва қора металлар руда конларининг турли йўллар билан ҳосил бўлганлигини кўрсатиб берди. Абдуллаев руда пайдо бўлиш жараёнларини магматизм ҳамда бу жараёнлар рўй берадиган геологик муҳит таъсири билан чамбарчас боғлиқ эканлигини аниқлади. Унинг бевосита иштироки ва раҳбарлигида „Чатқол-Қурама тоғлари магматизми ва металлогениясининг асосий хусусиятлари“ монографияси яратилди (1957), „Ўрта Осиё магматизми ва рудаланиш жараёни“ асари нашр этилди (1960). Абдуллаевнинг сўнгги туркум ишларидан бири „Рудапетрография провинсиялари ва уларни таснифлаш масалалари“ (1961) бўлди. Жаҳондаги барча йирик руда конлари шаклланиш хусусиятларига бағишланган „Металлогения – фойдали қазилма конларини қидириб топишнинг геологик асоси“ монографияси учун 1970-йилда (вафотидан кейин) Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти берилган. Абдуллаевнинг геологияга оид назарий фикрлари амалиётда тасдиқланди. У биринчи бўлиб Ўрта Осиёни алоҳида металлогеник махсус провинсия сифатида ажратди. Скарнлар тузилиши, руда учрайдиган ва руда ҳосил бўладиган скарнлар мавжудлиги қайд этилди. Абдуллаевнинг рудаларнинг гранитоид интрузиялар билан боғлиқ равишда ҳосил бўлишига доир асарлари илмий мунозарага сабаб бўлди. Асарларда конларнинг интрузиялардан узоқ-яқинлигига қараб таснифланганлиги Эл-шонснинг мавҳум батолит консепсияси-дан тубдан фарқ қилади. Абдуллаев Ўрта Осиёга доир тадқиқотларини таҳлил қилиб, ки-чик интрузиялар ўчоғи билан рудали жинсларнинг умумийлигини ҳамда магматизм босқичлари билан боғлиқ бўлган руда ҳосил бўлиш жараёнларининг такрорланиб туришини кўрсатиб берди. Абдуллаевнинг сўнгги асарларида айрим жойларда муайян типдаги магматизм ҳодисалари рўй бериши ва рудалар ҳосил бўлиши муаммолари ўрганилган. Абдуллаевнинг „Ўрта Осиёнинг металлогеник очерки“ (1949), „Рудаланишнинг гранитоид интрузиялар билан генетик боғлиқлиги“ (1954 – 57), „Дайкалар ва рудаланиш“ (1957), „Руда-петрографик провинсиялари ва уларни таснифлаш масалалари“ (1961) каби асарлари жаҳонга машҳур бўлди. „Рудаланишни гранитоид интрузивлар билан генетик боғлиқлиги“ асари хорижий олимлар таклифи билан немис, инглиз ва хитой тилларига таржима қилинган. Абдуллаев регионал кенгашлар, Халқаро геология конгрессининг, бир неча сессияларнинг фаол ташкилотчиси, қатнашчиси, кенгаш тўпламларининг муҳаррири бўлган. Абдуллаев бир неча чет эл геология жамиятлари аъзоси эди. Ўзбекистон Республикаси миқёсидаги кўпгина илмий ва илмий-техника жамиятларига, қўмиталарига бошчилик қилган. Асарлари ўзбек ва рус тилларида нашр этилган. Булар орасида Ўзбекистонда фан, илмий-техника, иқтисодиёт ва маданият равнақига бағишланганлари анчагина. Абдуллаев Ўзбекистондагина эмас, балки бутун Ўрта Осиёдаги геологик ишлаб чиқаришда, илмий муассасалар ва олий ўқув юртларида ишлайдиган катта жамоани бирлаштирган илмий мактабнинг ташкилотчиси ва раҳбари бўлди. Илмий мактаб олимлари Тяншан тог'ларидаги жинслар асосида петрология ва металлогения масалаларини ҳал қилиш соҳасида биргаликда иш олиб бордилар. Абдуллаев Ўзбекистонда иқтидорли ёшлардан фаннинг турли соҳаларида, жумладан геология бўйича миллий кадрлар тайёрлашга катта ҳисса қўшди. Абдуллаев раҳбарлигида 7 киши докторлик, 28 киши номзодлик диссертациясини ёқлади. Абдуллаев ТошПИ (ҳозирги ТошТУ) геология-разведка факултетида геология олий ўқув юртлари орасида биринчи бўлиб Петрология ва металлогения кафедрасини ташкил этди ва унга раҳбарлик қилди. Уруш даврида Абдуллаев ҳукумат аъзоси ва геолог олим сифатида фронт ва фронт ичкарисини зарур ресурслар билан таъминлаш ва стратегик аҳамиятдаги қазилма бойликлар қидириш ва ишга солишда катта ишларни амалга оширди. Абдуллаев 1950-йилдан умрининг охиригача минералогия жамияти Ўзбекистон бўлимини бошқарди. 1960-йилдан Франсия геология ва Буюк Британия Қироллик минералогия жамиятларининг аъзоси. Танланган асарларидан 7 жилди нашр этилган (1964 – 69).
Хотираси
Ҳабиб Абдуллаевнинг ҳаёти ва илмий ҳамда жамоатчилик фаолияти ҳақида бир қанча олимлар муаллифлигида „Эсдаликлар“ чиқарилган. Ўзбекистон Фанлар академияси Геология ва геофизика институтига ва Тошкент шаҳридаги катта кўчалардан бирига, Акмал Икромов туманидаги маҳаллага, Тошкент метросининг бекатларидан бирига (ҳозирги Шаҳристон), 193-мактабга, Улуғбек шаҳарчасида кўча ва бошқа обектларга Абдуллаев номими берилган. Геология ва геофизика институти биносига, ТошТУ геология-разведка факултети биносига ёдгорлик тахтаси ўрнатилган. Ҳ. М. Абдуллаев номида „Олтин медал“ таъсис этилган (1992). Ўш шаҳридаги катта кўчалардан бири, Абдуллаев туғилиб ўсган Аравондаги мактаб ва кўча ҳам Ҳ. Абдуллаев номи билан аталган. Геология ва геофизика институти қошида Ҳ. Абдуллаев ҳаёти ва ижодига бағишланган музей ташкил қилинган. Абдуллаев Тошкентдаги Чиғатой қабристонига дафн қилинган. Қабри устига мармар бюст қўйилган (ҳайкалтарош Е. В. Вучетич)[1][2][3][4].
Манбалар
- ↑ Собрание сочинений, т. 1 – 7, Т., 1964 – 69
- ↑ Хабиб Абдуллаэв (Wайбаcк Мачине сайтида 2013-10-22 санасида архивланган), ЗиёНет (рус.)
- ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- ↑ Қаҳҳоров А., Ғаффорова М., Академик Ҳабиб Абдуллаев, Т., 1981
Ҳаволалар
| Шахсият ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |
- 31-iyulda tugʻilganlar
- 1912-yilda tugʻilganlar
- Fargʻona viloyati (Rossiya imperiyasi)da tugʻilganlar
- 1962-yilda vafot etganlar
- 20-iyunda vafot etganlar
- Toshkentda vafot etganlar
- Lenin ordeni sohiblari
- Mehnat Qizil Bayroq ordeni sohiblari
- Qizil Yulduz ordeni sohiblari
- Buyuk xizmatlari uchun ordeni sohiblari
- Shaxsiyatlar haqidagi chala maqolalar
- Oʻzbekiston SSR Fanlar akademiyasi akademiklari
- Toshkent davlat texnika universiteti bitiruvchilari
- Chigʻatoy qabristoniga dafn etilganlar
- Oʻzbekiston Fanlar akademiyasi prezidentlari
- Oʻzbekiston SSR Oliy Kengashining 4-chaqiriq deputatlari
- Geologiya-mineralogiya fanlari doktorlari
- Alifbo boʻyicha geologlar
- Sovet Ittifoqi geologlari
- Oʻzbekistonlik geologlar
- Alifbo boʻyicha siyosatchilar