Habibiy
Ҳабибий (тахаллуси; асл исми Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Ҳабибий) (1890-йил, Пахтаобод тумани Қўқон қишлоғи — 1980-йил 16-апрел, Тошкент) — Ўзбекистон халқ шоири (1974). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1970)[2]. Қўқон ва Андижондаги мадрасаларда таҳсил олган Ҳабибийнинг ғазалнавислик ижоди мазкур адабий муҳитда шаклланиб борган.
| Ҳабибий | |
|---|---|
| Зокиржон Холмуҳаммад ўғли | |
| Таваллуди | |
| Вафоти | Тошкент |
| Фуқаролиги |
|
| Касби | Шоир |
| Мукофотлари |
|
Таржимаи ҳоли
Ҳабибий 1890-йили Андижон вилоятининг Пахтаобод туманига қарашли Қўқон қишлоғида деҳқончилар оиласида таваллуд топган. У эски мактабларда, хусусан, Андижон ҳамда Қўқон мадрасаларида таҳсил олган. Навоий, Фузулий, Муқимий, Фурқат асарларини мутолаа қилиб, аруз вазни ўрганган ва уларга эргашиб шеър ёзган, Шақр адабиёти анъаналарини давом эттирган.
Ҳабибий 1919-йилда Андижон вилоятининг Бўтақора қишлоғида истиқомат қилиб, деҳқончилик ишлари билан шуғулланган. 1920-йилларда ўбек халқи қўшиқлари услубида кўплаб шеърлар яратган. Ҳабибий ўз замонаси мавзулари, колхоз тузуми, каналлар қурулиши, чўлларни ўзлаштириш, Фарход ГЕСининг барпо этилиши ва бошқа ўзгаришлар ҳақида ёзади[3].
Навоийнинг 500 йиллигига тайёргарлик ишлари бошланиши билан Ҳабибий сафдошлари Боқий, Маҳжурий,Анисий ва Сайфий билан бирга Навоий комитети томонидан таклиф этилиб, Тошкентга кўчиб келган (1938). Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, С.Абдулла, С.Мирзаев, С.Муталлибов сингари алломалар билан бирга Навоий адабий меросини ўрганган. Ҳабибий 1939-йилда Фарғона канали қурилишига шоир сифатида сафарбар этилган. Шу вақтдан бошлаб унинг ғазаллари республика даврий матбуотида эълон қилиниб, машҳур ҳофизлар томонидан ижро қилина бошлаган. Ўз ғазаллари ҳамда мумтоз адабиёт ва мусиқа соҳасидаги билими билан ҳурмат қозонган Ҳабибий 1940-йилда Янгийўлда ташкил этилган вилоят мусиқали драма ва комедия театрига адабий ёрдамчи этиб тайинланган ва 1946-йилга қадар шу лавозимда ишлаган.
Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Ҳабибий 1980-йил 15-апрелда вафот этди ва Тошкентнинг Камолон қабристонига дафн этилди.
Ижоди
Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Ҳабибий иккинчи жаҳон уруши даврида „Жангчи йигит қўшиғи“, „Боладан ота-онага хат“, „Онадан болага хат“ каби ғазаллар ёзади.
Шоир Уйғуннинг та’кидлашича, “Ҳабибий арузнинг қонун-қоидалари, сир-асрорларини мукаммал ўзлаштириб, ҳозирги ше’риятимизда ғазал ижоди ривожига муносиб ҳисса қўшган ше’р устаси ва устози эди. Унинг ғазаллари ташбеҳ, ташбеҳ, муболаға, лутф, тасвир ва тасвир воситаларига жуда бой“[4].
Ҳабибийнинг адабий мероси мумтоз ўзбек адабиётининг ғазал, мурабба, мухаммас, мусаддас, рубоий, туюқ, қасида ва достон сингари жанрларида ёзилган 40 мингдан зиёд байтдан иборат. Унинг 300 дан зиёд ғазалларига куй басталанган бўлиб, уларнинг аксари ҳозир ҳам ижро этилади. Ўзбекистон радиоси олтин фондида шоир Ҳабибийнинг 200 дан ортиқ қўшиқлари сақланиб келинмоқда[5]. Ушбу шеърларнинг энг машҳурлари: „Диёримсан“, „Фарғона рубоийси“, „Бўлмаса“, „Яхшироқ“, „Нима бўлдинг“ ва бошқалардир.
Шеърий тўпламлари
- „Меҳнат қўшиқлари“
- „Янги яллалар“ (1949)
- „Колхозчилар ашуласи“ (1951)
- „Кўнгил тароналари“ (1957)
- „Замон фарҳодлари“ (1959)
- „Танланган асарлар“ (1967)
- „Девон“ (1971)
- „Наврўзи олам“ (1973)
Мукофоти
Ҳабибий 1974-йили Ўзбекистон халқ шоири унвони билан тақдирланган.
Хотираси
Тошкент, Андижон шаҳарлари ва Пахтаобод туманидаги кўчалар Ҳабибий номи билан аталади. Пахтаобод туманида Ҳабибийнинг уй-музейи барпо этилган.
2015-йил 12-ноябр куни Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасида (1890-1980) Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Ҳабибий таваллудининг 125 йиллиги нишонланди. Унда машҳур олим ва шоирлар, адабиёцҳунослар, таниқли санъаткорлар иштирок этдилар. Тадбирни Ёзувчилар уюшмаси раиси Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Муҳаммад Али олиб борди. Кечада халқ шоирлари Тўлан Низом, Анвар Обиджон, Турсунбой Адашбоев, профессор Наим Каримов, адиба Олмос Ғуломова ва бошқалар Ҳабибийнинг ўзбек адабиёти ва маданияти тарихида тутган ўрни тўғрисида гапирдилар. Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон санъат арбоби Темур Маҳмудов бошчилигидаги санъаткорлар Ҳабибий ғазаллари билан куй-қўшиқлар айтдилар[5].
Манбалар
- ↑ „Ҳабибий. Девон & Шоирнинг о’зи о’қиган ше’рлар ва шоирга баг’ишланган радиодастур & Искандар Мадг’озиев. Нуктадон шоир“. Қаралди: 3-июн 2023-йил.
- ↑ Маҳмудов, Авазбек. Андижон сан'ати фидоийлари, То'лдирилган 2-нашр, Академнашр, 2018 — 37-40-бет. ИСБН 978-9943-5226-4-0. Қаралди: 2-июн 2023-йил.
- ↑ Ҳожи Исматуллоҳ Абдуллоҳ. Марказий Осиёда ислом маданияти. Шарқ нашриёти матбаа аксиядорлик компанияси, 2005 — 261-384-бет.
- ↑ „Дадабаев, Вахабджан Диссертация «Традиции узбекской классической поэзии и творчество Хабиби»“. 2016-йил 13-майда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2016-йил 11-май.
- ↑ 5,0 5,1 „Ўзбекистонда Ҳабибий таваллудининг 125 йиллиги нишонланди“ (2015-йил 12-ноябр). Қаралди: 8-июн 2023-йил.
Адабиётлар
- Носиров О., Ўзбек адабиётида газал, Т.. 1973; Отажон У., Устозлар хотираси, Т, 1998. Наим Каримов.
- Девон, 2нашри, Т., 1975
- Махмудов, Авазбек. Андижон санъати фидоийлари, Тўлдирилган 2-нашр, Тошкент: Академнашр, 2018 — 37-40-бет. ИСБН 978-9943-5226-4-0. Қаралди: 3-июн 2023-йил.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |