Hamadon ustoni
Ҳамадон — Эроннинг ғарбида жойлашган. Вилоят шимолдан Занжон ва Қазвин устонлари, жанубдан Луристон устони, ғарбдан Курдистон ва Кирмоншоҳ ҳамда шарқдан Марказий устони билан чегарадошдир. Бу устонда 8 та туман, 23 та бахш, 72 та қишлоқ ва 27 та шаҳар мавжуд. Ҳамадон устонидаги йирик шаҳарлар Асадобод, Тўйсеркон, Кабудароҳанг, Разан, Наҳованд, Мулойир, Ҳамадон ва бошқалар.
|
| ||
| Устон | ||
|---|---|---|
| Маъмурий маркази | Ҳамадон | |
| Йирик шаҳари | Ҳамадон | |
| Расмий тили | форсча | |
| Майдони |
19 368 км² (ў %) | |
| Харитада | ||
|
| ||
Об-ҳавоси
Ғарбдан келувчи Ўрта Ер денгизи ҳавоси таъсири остидадир. Бундан ташқари, шимоли-ғарбдан, Қора денгиздан ва Европа шимолидан эсадиган ҳаво оқимлари ҳам остон ҳавосига ўз таъсирини ўтказади. Денгиз сатҳидан сезиларли даражада баландликда жойлашганлиги боис ёмғирли, нам ҳаво оқимларининг намлиги остон ҳудудида камаяди. Ҳамадон Эроннинг энг совуқ устонларидан биридир.
Тоғлари
Ҳамадон устонида Алванд, Гарма, Садра, Олобулоғ, Буқоти, Гару ёки Гари, Хонгармаз тоғлари мавжуд. Алванд ва Газин тоғлари орасида текисликлар жойлашган. Ушбу текислик устонда қаттиқ шамоллар эсишига сабаб бўлади. Тоғлар баландлиги юқори ва асосан тошли бўлганликлари учун алпинизм учун қулайдир. Лекин бошқа тарафдан, устон тоғларининг кўп қисмида беш ой мобайнида ёққан қор эримайди ва уларнинг ўртача қалинлиги 5 м.га етади. Остон атрофида кенг даштлар ва водийлар жойлашган. Ушбу ерлар ҳосилдор бўлиб, уларда ғалла экинлари, айниқса, буғдой экилади.
Ўрмонлари
Қадимда кенг ўрмонлари кўп бўлган. Лекин ҳозир Наҳованд шаҳри атрофидаги тоғларда ўрмонлар мавжуд бўлиб, уларда асосан эманлар ўсади. Умуман олганда, Ҳамадон устонида йилда 4 ой мобайнида ўсимликларнинг ўсиш жараёнини кузатиш мумкин. Қолган ойларда эса бу жараён тўхтайди. Эроннинг бу ҳудудида ҳам бир қанча сув ҳавзалари бор. Улар икки турли: ер усти ва ер ости сув ҳавзаларига эга. Ер усти сув ҳавзалари: Гомосиёб, Қарасчой ва Талвор дарёлари. Ер ости сув ҳавзалари: Наҳованд, Разан ва Фомини даштларида жойлашган. Булардан ташқари, Акботон ва Обшине сув омборлари Ҳамадон шаҳрини ичимлик суви билан таъминлайди ва қисман қишлоқ хўжалигини ҳам сув билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Устон номи тарихи
Ҳамадон номи милоддан аввалги 1100-йилда Амвоне ёки Омодой исмли Оссурия подшоҳининг Тиглот Болсар битикларида келган. Юнон тарихчиси Геродот Ҳамадонни Акботон деб атаб, Ҳамадон шаҳри қурилишини Модларнинг биринчи императори Диёўкуга боғлайди. Тарихчилар ва археологлар Аҳамоний ҳукмдорларининг хазиналари Ҳамадон шаҳрида сақланган, деган фикрдалар. Тилла саҳифаларнинг Ҳамадон ҳудудидан топилиши мазкур фикрни тасдиқлайди. Ҳамадондаги Мусалло тепалиги Ашконийлар даврида ҳарбий қалъа вазифасини ўтаган. Сосоний ҳукмдорлари ҳам Ҳамадон шаҳрининг қулай географик жойлашуви сабабли қишки қароргоҳларини ушбу шаҳарда бино қилдирганлар. Бошидан кўп мусибатларни кечирган Ҳамадон Салжуқийлар даврида ўзининг доимий қудратини қўлга киритди ва Сафавийлар сулоласи даврида давлат эътиборида бўлган Ҳамадон, Қожарлар даврида Эроннинг энг обод минтақаларидан бирига айланди.
Диққатга сазовор жойлари
Ҳамадоннинг бир қанча диққатга сазовор жойлари мавжуд: Алавиён гумбази, Алисадр ғори, Ганжнома тош битиклари, Экбатана тарихий тепаликлари, Абу Али ибн Сино мақбараси, Бобо Тоҳир мақбараси, Имом Ҳумайний майдони, Шер ҳайкали, Қурбон минораси, Аштарон қалъаси, Эстер ва Мурдхой мақбараси, Экбатана, Алванд тоғи, Ҳейқуқ пайғамбар мақбараси, Ҳазрат Ҳожи мақбараси, Пири Камарбаста етти чинори ва бошқалар [1].
Манбалар
- ↑ Мостафавий, Ҳамид. Тасвирларда Эрон бо'йлаб саёҳат, 2013, СОКҲАНВАРАН ПУБ. — 272-278-бет. ИСБН 978-600-9675-31-3.