Ҳамдон ибн Ҳамдун ибн ал-Ҳорис ат-Тағлибий (тахминан 868—895-йилларда фаолият юритган) Жазира ҳудудидаги тағлиб араб қабиласи етакчиси ва Ҳамдонийлар сулоласининг асосчиси. Ҳудуднинг бошқа араб етакчилари қаторида, Ҳамдон ибн Ҳамдун 880-йилларда Жазира устидан Аббосийлар ҳукмронлигини қайта тиклаш ҳаракатларига қарши чиқиб, хорижийлар қўзғолонига қўшилган. 895-йилда халифа ал-Муътазиддан мағлубиятга учраб, асир олинган, бироқ ўғли Ҳусайннинг халифага кўрсатган хизматлари эвазига кейинчалик озод қилинган.

Ҳаёти

Ҳамдонийлар сулоласи шажараси

Оиласи мусулмонлар истилоларидан аввал Жазирада яшаган Бану Тағлиб қабиласига мансуб эди. Қабила, айниқса, Мосул минтақасида кучли бўлиб, ўн йил давом этган Самаррадаги анархия (861—870) даврида бу ҳудудда ҳукмронлик қила бошлаган. Бу пайтда Тағлибий йўлбошчилар Аббосийлар марказий ҳукуматининг обрўси пасайишидан фойдаланиб, ўз мустақилликларини эълон қилдилар[1]. Ҳамдоннинг 868-йилда Жазира ҳудудидаги хорижийлар қўзғолонига қарши бошқа тағлибийлар сафида жанг қилгани ҳақидаги маълумотлар тарихий манбаларда ушбу шахс ҳақидаги илк маълумотлар ҳисобланади[2].

879-йилда Аббосийлар ҳукумати ўз назоратини қайта тиклаш мақсадида Мосул ноиблигидаги тағлибий қабила сардорлари ҳукмронлигини тугатиб, уларнинг ўрнига туркий қўмондон Исъҳоқ ибн Кундожни тайинлади. Бу ҳолат тағлибий раҳбарлар, жумладан, Ҳамдон ибн Ҳамдуннинг ҳам қўзғолончи хорижийлар томонига ўтиб кетишига сабаб бўлди[2][3]. Ҳамдон қўзғолоннинг етакчи раҳбарларидан бирига айланди. Шу боис унга хорижийларнинг „аш-Шарий“ лақаби берилган. Шунингдек, 881-йил апрел/май ойида Ибн Кундож эришган буюк ғалабада унинг номи хорижий ва араб қабилалари раҳбарлари қаторида тилга олинган. Бу ғалаба натижасида қўзғолончилар қўшини тор-мор қилиниб, Нисибис ва Амидгача таъқиб қилинган[2][4].

Жазира (Юқори Месопотамия) харитаси

892-йилда тахтга янги халифа ал-Муътазид ўтирди. Халифа Жазира ҳудудини Аббосийлар назорати остига қайтаришга қатъий қарор қилди. Бир қатор юришлар натижасида маҳаллий ҳукмдорларнинг кўпчилигини бўйсундиришга муваффақ бўлди. Бироқ Ҳамдон қаттиқ қаршилик кўрсатди. Маридин ва Ардамушт (ҳозирги Cизре яқинида) қал’аларини қўлга киритиб, Жазира текислигининг шимолий тоғларида яшовчи курд қабилалари билан иттифоқ тузган Ҳамдон 895-йилгача халифага қаршилик кўрсатди. Ўша йили халифа аввал Мардинни, сўнгра Ҳамдоннинг ўғли Ҳусайн томонидан забт этилган Ардамуштни эгаллади. Ҳамдон халифа қўшинидан қочишга муваффақ бўлди, бироқ тинимсиз тақибдан сўнг охир-оқибат таслим бўлишга мажбур бўлди. Ҳамдон Мосулда таслим бўлгач, асирга олиниб, зиндонга ташланди[2][3].

Тарихчи Ҳ. Кеннедй таъкидлагандек, унинг таслим бўлиши ҳудуддаги бошқа маҳаллий раҳбарлар учун Ҳамдонийлар оиласининг таъсир кучи тугашини билдирарди. Бироқ Ҳамдоннинг ўғли Ҳусайн оила ҳукмронлигини сақлаб қолишга эришди. У халифа хизматига кириб, хорижийлар қўзғолонини бостириш ва қўзғолон етакчиси Ҳорун аш-Шарийни қўлга олишда ҳал қилувчи рол ўйнади. Унинг хизматидан миннатдор бўлган халифа ал-Муътазид Ҳусайнни отасини афв этиш, ўз қўмондонлиги остида тағлибийлар отлиқ қўшинини тузиш ҳуқуқи билан тақдирлади. Кейинги бир неча йил давомида ушбу қўшин билан бир қанча ҳарбий юришларга бошчилик қилиб, халифаликнинг энг нуфузли саркардаларидан бирига айланди. Ҳ. Кеннедйнинг таърифига кўра, Ҳусайннинг таъсир доираси „ҳукумат билан Жазира араблари ҳамда курдлари ўртасида воситачи“ бўлиш имконини берган. Бу эса оиланинг минтақадаги ҳукмронлигини мустаҳкамлаб, унинг икки набираси, Носир уд-Давла ва Сайф уд-Давла даврида Ҳамдонийлар сулоласининг ҳокимиятга келиши учун замин ҳозирлади[5][6].

Манбалар

  1. ↑ Кеннедй 2004, сс. 265–266.
  2. ↑ 2,0 2,1 2,2 2,3 Cанард 1971, с. 126.
  3. ↑ 3,0 3,1 Кеннедй 2004, с. 266.
  4. ↑ Фиэлдс 1987, с. 50.
  5. ↑ Cанард 1971, сс. 126фф..
  6. ↑ Кеннедй 2004, сс. 266фф..

Адабиётлар