Ҳақорат шаънга тегувчи, камситувчи, хафа қилувчи ифода, сўз, гап ёки амалдир. Ҳақорат атайин ёки бехосдан бўлиши мумкин.

Турлари

Ҳақорат (жиноят ҳуқуқида) — шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш. Беодоб муомалада бўлиш турли хилдаги хатти-ҳаракатларда, чунончи ҳақоратли сўз ва ибораларни айтиш, бино, деворлар ва фотосуратларга ҳақоратловчи ёзувлар ёзиш, беодоб қилиқлар қилиш, юзига тарсаки уруш, тупуриш ва ҳ.к.да намоён бўлади.

Ҳақорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига тажовуз қиладиган ҳуқуқбузарлик сирасига киритилган. Ушбу кодекснинг 41-моддасига кўра, ҳақорат қилиш энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Биринчи марта ҳақорат қилган шахслар, агар уларнинг қилмишлари жиноий жазолашга тегишли бўлмаса, маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Ҳақорат қилиш, башарти, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 200 бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда, ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали ҳақорат қилиш энг кам ойлик иш ҳақининг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Ҳақорат қилиш жабрланувчи ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда; хавфли рецидивист томонидан ёки туҳмат қилганлиги учун илгари судланган шахс томонидан содир этилган бўлса — энг кам ойлик иш ҳақининг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 6 ойгача қамоқ билан жазоланади (Ўзбекистон Республикаси ЖК, 140-модда).

Ҳақорат қилиш ҳар доим муайян бир шахсга қаратилган бўлади. Муайян бир шахсга қаратилмасдан айтилган уяциз-беодоб сўзлар ва шаҳрик. хатти-ҳаракатлар безорилик деб баҳоланиши мумкин.

Қуйидагилар ҳақорат саналиши мумкин:

  • Сўкиниш.
  • Ижтимоий қораланувчи атамалар: ўғри, фоҳиша.
  • Салбий тарихга эга атамалар: фашист, миллатчи.
  • Бирор касб номи билан бошқа касбни аташ, масалан шифокорни жаллод, қассоб дейиш.
  • Зоосемантик метафоралар: мол, эшак, ит.
  • Салбий маъноли феъллар: ухлатиш, кийдириш.
  • Одам феъл-атворини салбий баҳоловчи атамалар: аблаҳ, ярамас.

Жиддий ҳақоратлар маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлиши мумкин.