Ҳарбий асирлар (халқаро ҳуқуқда) — урушаётган томон қуролли кучларига (шу жумладан кўнгилли партизан отрядлари, қаршилик кўрсатиш ҳаракати қатнашчилари ва бошқалар) мансуб бўлиб, душман қўлига тушиб қолган кишилар,ҳарбий мухбирлар, савдо флоти ва фуқаро авиациясининг экипаж аъзолари ва бошқалар бўлиши мумкин. Ҳарбий асирлик мақоми қуруқликда уруш олиб бориш қонун-қоидалари ҳақидаги Низом (1907-йилги 4-Гаага конвенсиясига илова) ва Ҳарбий асирлар билан қилинадиган муомала тўғрисидаги Женева конвенсияси (1949)га биноан тартибга солиб турилади. Ушбу Конвенсиянинг 4-моддасида кимлар ҳарбий асирлар бўлиши мумкинлиги ва уларнинг ҳуқуқий мақоми кўрсатилган. Ҳарбий асирларга нисбатан уру-шаётган томонлар инсоний муносабатда бўлишлари лозим. Уларни ўлдириш, жисмоний зиён етказиш, улар устида илмий ёки тиббий тажриба ўтказиш ман этилади. Ҳарбий асирлар вақтинча душман қўлида ҳисобланиб, душман томони уларнинг такдирига тўлиқ жавоб беради. Ҳарбий асирлар фақат ўзининг исм-шарифи, унвони, туғилган вақти ва шахсий рақамини айтишга мажбур, улар қандайдир маълумотлар олишга мажбур қилинмаслиги лозим. Ҳарбий асирлар ўз меҳнатига ҳақ олиши, ҳаёт учун хавфли ва қадр-қимматни пастга урувчи ишларга жалб этилмаслиги керак. Ҳарбий асирлар ўзлари учун махсус мўлжалланган ла-герларда жойлаштирилиши мумкин. Улар озиқ-овқат, кийим-кечак ва тиббий ёрдам билан таъминланишлари лозим. Ҳарбий асирларга якка тартибда интизомий ва жиноий жазо қўлланиши, лекин фақат бир қилмиш ёки жиноят учун битта жазо белгиланиши мумкин. Ҳарбий асирларнинг қочиб кетиши жиноий хат-ти-ҳаракат эмас, агар у муваффақиятли амалга ошмаса, Ҳарбий асирлар фақат интизомий жазога тортилади. Уруш тугагандан сўнг давлатлар барча Ҳарбий асирларни махсус келишувлар асосида умумий репатриация тартибида доимий яшаш жойларига қайтаришлари лозим. Қисман репатриаиия уруш тугагунга қадар ҳам ўтказилиши мумкин.

"Халқаро қуролли можаролар қурбонларини ҳимоя қилишга тааллуқ-ли" (1949-йил 12 август) Женева конвенсияларига 1977-йил 8-июндаги И Қўшимча протоколда Ҳарбий асирлар тушунчаси уруш олиб бориш усулларини ҳисобга олган ҳолда кенгайтирилган (43-модда) ҳамда Ҳарбий асирлар мақоми берилишининг кафолатлари мустаҳкамланган (44, 45 ва 77-моддалар).

Ўзбекистон Республикаси 1949-йилги Женева конвенсиялари ва 1977-йилги уларга қўшимча Протоколларга 1993-йилда қўшилган. Мамлакатимизнинг мазкур халқаро шартномаларни ратификация қилиши барча фуқаролар зиммасига халқаро гуманитар ҳуқуқ қоидаларига риоя этиш, шунингдек, ана шу шартномаларга амал қилинишини таъминлаш масъулиятини юклайди.

Адабиёт

  • Халқаро гуманитар ҳуқуқ: Женева кон-венсиялари туплами, Т.. 2002; Халқаро гума-нитар ҳуқуқ. Инсонпарварлик ва хайрихоҳлик муаммолари институти (масъул муҳаррир А.Х. Саидов), Т., 2000.