Ҳарбий блок — давлатларнинг умумий сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий вазифаларни ҳал этиш учун биргаликда ҳаракат қилиш мақсадида тузган ҳарбийсиёсий иттифоқи ёки шартномаси. Ҳарбий блоклар тузиш жаҳоннинг икки қутбга бўлиниши шароитида авж олганди. АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан Шимолий Атлантика шартномаси ташкилоти (НАТО) тузилган бўлса, собиқ СССР ва унинг иттифоқчилари Варшава шартномаси ҳарбий блокини ташкил қилгандилар (1955-йил 14-май). Бу ҳол ўша пайтда ҳар 2 қутб орасида зиддиятнинг кескинлашишига олиб келди. Социалистик тизим емирилиши билан СССР, Албания, Болгария, Венгрия, ГДР, Полша, Руминия ва Чехословакия давлатлари аъзо бўлган Варшава шарт-номаси ўзўзидан барҳам топди (1991-йил 1-июл). Жануби-шарқий Осиё давлатларининг бир қисмини бирлаштириш мақсадида 1954-йил Манила (Филиппин) шаҳрида АҚШ, Буюк Британия, Франсия, Австралия, Янги Зеландия, Таиланд, Филиппин ва Покистон вакиллари томонидан имзоланган СЕАТО (Жануби-шарқий Осиё шарт-номаси ташкилоти) ҳарбий блокини эса 1975-йил сентабрда тарқатиб юборишга қарор қилинган. Яқин ва Ўрта Шарқдаги ҳарбий сиёсий ташкилот — СЕНТО (Марказий шартнома ташкилоти) тузилганда (1955) унга Буюк Британия, Туркия, Ироқ, Эрон ва Покистон аъзо бўлиб кирган эди. Бу ташкилот 1979-йил августда ўз фаолиятини тўхтатган.