Ҳасаний саройи (арабча: القصر الحسني‎‎) Шарқий Бағдодда қурилган илк халифалик қароргоҳи бўлиб, 9—10-асрлар давомида Аббосий халифаларнинг пойтахтдаги асосий тураргоҳи вазифасини ўтаган. Шу тариқа, сарой Аббосий халифаларининг қароргоҳи бўлган улкан сарой ва боғлар мажмуасининг марказида эди. Бу мажмуа мўғуллар Бағдодни босиб олгунга қадар мавжуд бўлиб, ривожланиб борди.

Тарихи: Шарқий Бағдод ва Жаъфар Бармакий саройи

Аббосий халифаларнинг дастлабки саройлари халифа ал-Мансур (ҳ. 754–775) асос солган Думалоқ шаҳар ичида ёки унинг яқинида жойлашган эди. Думалоқ шаҳар марказида Олтин дарвоза саройи[1] ва бироз кейинроқ Дажла дарёсининг ғарбий қирғоғида, Думалоқ шаҳар ташқарисида қурилган Хулд саройи кабилар бўлган[2]. Аббосийлар халифалигининг биринчи асрида Шарқий Бағдод, яъни шаҳарнинг Дажла дарёсидан шарқдаги қисми, камроқ аҳамиятга эга эди. Бироқ, ал-Мансур ўша ерда ўғли ва меросхўри ал-Маҳдий (ҳ. 775–785) учун сарой қурдирган[3].

Ҳасаний саройини дастлаб Бармакий Жаъфар ибн Яҳё қурган бўлиб, у халифа Ҳорун ар-Рашиднинг (ҳ. 786–809) вазири, яқин ҳамроҳи ва қайниси эди. Жаъфар зиёфатлари, айниқса шароб ичишлари билан танилган бўлиб, бу ҳолат шаҳарда кўплаб норозиликларга сабаб бўлган. Натижада, Жаъфар Шарқий Бағдоднинг гавжум ҳудудларидан жанубга, очиқ жойга бориб, ўзига қароргоҳ қурдирган[4]. Жаъфарнинг сарой-қасри шунчалик ҳашаматли эдики, ҳатто халифанинг ҳасадини қўзғатиши мумкин эди. Шу боис, бир дўсти унга қуйидагича маслаҳат бериб, бу саройни ўша пайтда ҳали вояга етмаган ал-Ма’мунга (ҳ. 813–833) совға қилишни таклиф қилади. Ал-Маъмун Ҳоруннинг иккинчи ўғли ва кейинчалик халифа бўлган. У туғилганидан бошлаб Жаъфарнинг васийлиги ва тарбиясига топширилган эди. Шундай қилиб, гарчи бу саройдан 803-йилгача Жаъфар фойдаланган бўлса-да, Бармакийларнинг қулашидан сўнг сарой „Маъмун саройи“ (ал-Қаср ал-Маʾмūнī) номини олган[5].

Ал-Маъмун, ал-Ҳасан ибн Саҳл ва Буран қароргоҳи

803-йилда кейин ал-Маъмун ўзининг севимли қароргоҳларидан бирига айланган бинога кўчиб ўтади. Маъмун саройни кенгайтириб, от пойгаси ва чавгон учун катта майдон ҳамда ҳайвонот боғини қўшган. Шарқий томондаги очиқ майдонларга қаратилган дарвоза қурилган. Шунингдек, Наҳр Муалладан сув келтирадиган канал ҳам барпо этилган[6]. Ал-Маъмун ўз хизматкорлари ва сарой ходимлари учун яқин атрофда турар-жой мавзеси ҳам барпо этган. Бу мавзе унинг шарафига Маъмуния деб номланган[7].

Ал-Маъмун Хуросон ноиблигини эгаллаш учун кетганидан сўнг, сарой бўш қолган бўлиши мумкин. Бу ҳолат Ҳорун вафотидан кейин ал-Маъмун ва унинг ўгай укаси ал-Амин (ҳ. 809–813) ўртасидаги Аббосийлар фуқаролар уруши давомида ҳам сақланиб қолган[8]. Уруш даврида, Бағдод қамали пайтида ал-Аминнинг қал’аси бўлган Олтин дарвоза саройи бутунлай вайрон этилади, Хулд саройи ҳам сезиларли даражада шикастланади[9][10]. Натижада, ал-Маъмун 819-йилда Бағдодга қайтгач, Хулд саройининг ғарбий қисмини ўзига қароргоҳ қилган. Унинг вазири ва ишончли маслаҳатчиси ал-Ҳасан ибн Саҳл эса Маъмун саройида истиқомат қила бошлайди. Кўп ўтмай, ал-Маъмун ва ал-Ҳасаннинг қизи Бураннинг никоҳ тўйи муносабати билан ўтказилган тантаналарда вазирнинг катта маблағ сарфлаши эвазига халифа унга саройни инъом этади[11]. Ал-Ҳасан саройни қайта қуриб, уни янада кенгайтирган. Бироқ, бир неча йилдан сўнг саройни қизи Буранга инъом этади. Буран эри ал-Маъмундан узоқроқ умр кўриб, 884-йилда вафот этгунга қадар шу саройда истиқомат қилган[10][12]. Ҳасаннинг қайта қуриши ва Бураннинг ундан фойдаланиши саройга „Ҳасан саройи“ ёки „Ҳасаний саройи“ (ал-Қаср ал-Ҳасаний) деган ном берилишига сабаб бўлган. Шундай бўлса-да, кейинги даврларда ҳам ёзувчилар саройни Маъмуний ёки ҳатто Жаъфарий саройи (القصر الجعفري, ал-Қаṣр ал-Жаъфарī) деб аташни одат қилишган[13].

Халифа қароргоҳи ва Дор ал-Хилофатнинг қурилиши

833-йилда ал-Маъмун вафот этгандан сўнг, бир манбага кўра, унинг укаси ва вориси ал-Му’тасим (ҳ. 833–842) ҳам яқин атрофдаги Муҳаррим маҳалласида ўзига янги сарой қуришдан аввал Ҳасаний саройида истиқомат қилган экан. Бироқ, халифа 836-йилда шимолда янги шаҳар – Самаррани барпо этиб, Аббосийлар империясининг халифалик саройи ҳамда пойтахтини ўша ерга кўчирди[14]. Гарчи халифа ал-Му’тамид (ҳ. 870–892) умрининг сўнгги ойларини Бағдодда ўтказган бўлса-да, пойтахтни бутунлай Бағдодга қайтариш фақат 892-йилда, халифа ал-Му’тазид (ҳ. 892–902) даврида амалга оширилган[15].

Ёқут Ҳамавий хабар беришича, ал-Му’тамид шаҳарга келгач, Бурандан Ҳасаний саройидан ўз қароргоҳи сифатида фойдаланиш учун рухсат сўраган. Буран ўз ишларини тартибга келтириш учун қисқа муддатли кечиктиришни сўраб, бу вақт давомида саройни жиҳозлайди ва халифага топширишдан олдин уни муносиб ҳолга келтиради. Бу ривоят кенг тарқалган бўлса-да, ҳикоянинг асл манбаи бўлган 11-аср йилномачиси Хатиб ҳикояда тилга олинган халифанинг ал-Му’тазид эканлиги ҳақида маълумот бериб, ўзи унинг ҳақиқийлигига шубҳа билдиради. Чунки Буран исмли шахс бундан бир неча йил олдин вафот этгани маълум эди. Бироқ, Гуй Ле Странгенинг таъкидлашича, хабар қилинган воқеа ал-Му’тамиднинг шаҳарга илгариги ташрифида содир бўлган бўлиши мумкин[10][16].

Ал-Муътазид даврида сарой расман халифа қароргоҳига айланди. Халифа янги бинолар, жумладан қамоқхона қурдирди, ҳудудни кенгайтириб, саройни девор билан ўраб олди[10][17]. Бундан ташқари, ал-Му’тазид ва ал-Муктафий (ҳ. 902–908) Ҳасаний саройидан юқорироқда Фирдус саройи, шарқда Сурайё саройи ва қуйироқда Тож саройини қурдириб, „Халифалик қароргоҳи“ (Дор ал-Хилофат) деб аталган кенг миқёсли сарой мажмуасини барпо этдилар. Бу мажмуа бир нечта катта ва кичик қароргоҳлар ҳамда боғларни ўз ичига олган эди. Бу ҳудуд Аббосийлар халифалиги ҳукмронлигининг охиригача халифаларнинг асосий қароргоҳи бўлиб қолди[18][19].

902-йилда тахтга ўтиргач ал-Муктафий отаси қурдирган сарой қамоқхоналарини бузиб ташлаб, уларнинг ўрнига Жоме ал-Қаср („Сарой масжиди“) номли жоме масжидини барпо этди. Бу жойда ҳозирда кейинроқ қурилган Жоме ал-Хулафа масжиди жойлашган[20][21]. Сарой ҳудудида 13-асрнинг 30-йилларида Мустансирия мадрасаси қурилган[22].

Манбалар

  1. ↑ Ле Странге 1922, сс. 15–19, 31.
  2. ↑ Ле Странге 1922, сс. 32, 102.
  3. ↑ Ле Странге 1922, сс. 169–170.
  4. ↑ Ле Странге 1922, сс. 243–244.
  5. ↑ Ле Странге 1922, сс. 243, 244.
  6. ↑ Ле Странге 1922, с. 244.
  7. ↑ Ле Странге 1922, сс. 244–245.
  8. ↑ Ле Странге 1922, с. 245.
  9. ↑ Ле Странге 1922, сс. 32–33, 103, 245.
  10. ↑ 10,0 10,1 10,2 10,3 Дури 1960, с. 897.
  11. ↑ Ле Странге 1922, сс. 245–246.
  12. ↑ Ле Странге 1922, сс. 246, 248.
  13. ↑ Ле Странге 1922, сс. 243, 246.
  14. ↑ Ле Странге 1922, сс. 246–247.
  15. ↑ Ле Странге 1922, сс. 247, 248.
  16. ↑ Ле Странге 1922, сс. 248–249.
  17. ↑ Ле Странге 1922, сс. 250, 264.
  18. ↑ Ле Странге 1922, сс. 171, 228, 250.
  19. ↑ Дури 1960, сс. 897–898.
  20. ↑ Ле Странге 1922, сс. 251–254.
  21. ↑ Дури 1960, с. 898.
  22. ↑ Ле Странге 1922, с. 266.

Адабиётлар