Ҳашшошийлар

Сурия исмоилийлари Масёф қалъаси бугунги кундаги кўриниши
Тури: Ҳарбийлашган диний ташкилот
Мамлакат: Низорий исмоилий давлати (тарихий)
Фаолият йиллари: 1100—1260
Гарнизон: Масёф (Сурия ҳашшошийлари)
Аламут (Эрон ҳашшошийлари)
Қатнашган: Салиб юришлари
Қўмондонлар
Ҳасан ибн Саббоҳ
Рашидиддин Синон

Ҳашшошийлар (арабчадан „ҳашиш чекувчилар“, "гиёҳвандлар") — исмоилийлар ичидаги яширин террорчилик билан шуғулланган фирқа тарафдорлари. ХИ аср охирида Эронда исмоилийлар ҳаракатининг бўлиниб кетиши натижасида пайдо бўлган. Асосчиси — Ҳасан ибн Саббоҳ (1124-йил вафот этган).

Эроннинг шимоли-ғарбидаги тоғлар орасида жойлашган Аламут қалъаси ҳашшошийлар жамоасининг маркази бўлган. Ҳашшошийлар ҳаракати Сурия ва Ливанда, кейинчалик Ҳиндистонда ҳам тарқалган. У Ўрта Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларидаги қарматлар ҳаракати билан узвий боглиқ.

Ҳашшошийлар халифалик ва салжуқийларга қарши курашган. Ҳашшошийларнинг раҳбарлари ўз душманларини ўлдиришни сиёсий курашнинг асосий воситаси деб билган. Ҳашшошийлар ғоят яширин ҳолда иш кўрадиган ва тармоқланган террорчилик ташкилотини вужудга келтирган.

Ўз мақсадларини амалга ошириш (ҳукмдорлар, подшолар, қироллар ва йирик намояндаларни ўлдириш)да фидойилар (қашшоқ деҳқон ва шаҳарлик ёшлар)дан фойдаланган. Турли манбалар ҳашшошийлар террорчи (фидоий)ларга гиёҳванд моддалари истеъмол қилдириб, ўлса шубҳасиз жаннатга тушишига ишонтирган, деган фикр кенг тарқалган. Бирмунча давр ҳашшошийлар кўп ҳукмдорларга даҳшат солиб турган, улардан кўплари ўз жонини сақлаш учун ҳашшошийларга тўлов тўлаб турган. 1256-йил мўғул истилочилари Аламутни босиб олиб, Эронда ҳашшошийлар жамоасига барҳам берган. 1273-йилда мамлуклар қўшини Сурия ва Ливандаги ҳашшошийларнинг охирги ташкилотларини тугатган.